,

Оқ уй: АҚШ кўмагисиз Украина Россия билан жангда мағлубиятга учрайди

Фото: EPA

АҚШ президенти Жо Байденнинг ёрдамчилари қонун чиқарувчилар билан ёпиқ учрашувда маълум қилишича, агар Конгресс Киевга ёрдам ажратилишини маъқулламаса, Россия бир неча ҳафта ёки ой ичида Украина билан низода ютиб чиқиши мумкин. Бу ҳақда NBC News ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Энг яқин ҳафталар ичида Украинанинг баъзи ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва артиллерия воситалари тугаб қолади. Бундай ҳисоб-китобларни президент маслаҳатчиси Жейк Салливан ва Миллий разведка директори Эврил Хейнс қонун чиқарувчиларга тақдим этди.

NBC News манбаларидан бири Оқ уй ҳисоб-китобларини “ўта шафқатсиз” деб атади. Телеканал маълумотларига кўра, мансабдорлар шундан хавотирдаки, Байден Украинани қанча талаб этилса, шунча қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ваъдасини бажармаслиги мумкин.

Конгресс етакчилари билан ёпиқ учрашувда Салливан ва Хейнс Украина ресурслари сезиларли равишда камайиб қоладиган махфий муддатларни келтириб ўтди, шунингдек, жанг майдонидаги динамика юзасидан ўз баҳоларини айтди. Президент ёрдамчиси билдиришича, Украинанинг ҳолати бир йил давомида мураккаблашиб боради. Шунингдек, қонун чиқарувчиларга тушунтириб берилганидек, ёрдам тақдим этилмаслиги АҚШга таянаётган бошқа мамлакатларга ҳам таъсир қилади. Масалан, Япония ва Жанубий Корея ўзларининг альянсларга нисбатан қарашларини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Президент Жо Байден Конгрессдан Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам бериш учун, шунингдек, АҚШ жанубий чегарасини мустаҳкамлаш учун битта қўшимча молиялаштириш пакети доирасида 106 миллиард доллар ажратишни сўраганди. Бироқ Вакиллар палатасини назорат қилувчи республикачилар эса ушбу масалалар алоҳида кўриб чиқилишини талаб қилмоқда. Байден 19 январ куни ҳужжат бир ҳафта ичида ҳеч бўлмаганда Сенатда қабул қилинишига умид қилаётганини бирдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.