БМТнинг ФАО бошқарув органига Ўзбекистон вакили сайланди

Фото: дунё

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Римдаги қароргоҳида Европа учун 34- минтақавий конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу анжуманда Европа ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари юқори вакиллари, шунингдек, ФАО ва бошқа халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этган ва унда 2024-2026 йиллар учун ФАО Европа учун минтақавий конференциясига раис ва унинг ўринбосарлари лавозимларига сайловлар бўлиб ўтган.

«Сайлов натижаларига кўра, конференция раиси этиб Молдова Бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Владимир Болеа, унинг ўринбосарлари этиб Албания қишлоқ хўжалиги вазири Анила Денай ва Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси, ФАО ҳузуридаги доимий вакил Абат Файзуллаев номзодлари сайланди», – дейилади хабарда.

Жорий йилги конференцияда минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда инновация ва рақамлаштиришнинг аҳамияти каби кўплаб масалалар муҳокама қилинган.

Анжуман якунида қатнашчилар томонидан Ўзбекистон делегациясининг фаол иштироки ва ташаббуслари алоҳида эътироф этилан.

ФАО Европа учун Минтақавий конференцияси 1949 йилда таъсис этилган. Унга 54 та давлат, шу жумладан, Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.