Папуа—Янги Гвинеяда қабилалараро тўқнашувларда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Foto: EPA

Папуа—Янги Гвинеянинг баланд тоғли ҳудудларида юз берган қабилалараро тўқнашувларда камида 53 киши ҳалок бўлди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бу янги тарих даврида баланд тоғли туманларда юз берган энг оммавий қотиллик бўлиши мумкин.

Ҳодиса Энга провинциясида содир бўлган. Полиция тахмин қилишича, бир қабила одамлари иттифоқдошлари ва ёлланма жангчилар билан биргаликда қўшни қабилага ҳужум қилиш учун борган, аммо пистирмага тушиб қолган, уларни отиб ташлашган.

Жасадлар полиция юк машиналарига ортилиб, касалхонага келтирилган. Ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин, чунки жасадларни қидириш ва санаш давом этмоқда. Қурбонлар сони 60-65 кишигача ортиши кутилмоқда.

“Бу биз, провинциядагилар учун жуда ачинарли, мамлакат учун эса ёмон ҳодиса”, — деди Энга провинцияси губернатори Питер Ипатас. “Биз бу жанг давом этишини билгандик ва чоралар кўриб, унинг олдини олиш учун ўтган ҳафта хавфсизлик кучларини огоҳлантирган эдик”, — дея қўшимча қилди у.

Нашр эслатишича, Энга провинцияси 2023 йилда қабилалараро тўқнашувлар туфайли бир неча ой муддатга қамал қилинган эди. Полиция ҳудудга ўқотар қурол ва ўқ-дорилар олиб кирилишини тўхтатишга уринганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.