Путин биринчи марта Навальнийнинг номини тилга олди. Ва уни айирбошлашга рози бўлганини айтди

Foto: Clara Preve

Владимир Путин Россия президенти сайлови якунлари бўйича матбуот анжуманида биринчи марта Алексей Навальнийнинг исмини тилга олди, деб ёзади Meduza. У мухолифатчининг ўлимини “қайғули ҳодиса” деб атади.

“Жаноб Навальнийга келсак. Ҳа, у ҳаётдан кўз юмди. Бу қайғули воқеа. Бизда озодликдан маҳрум этиш жойларида одамлар ҳаётдан кўз юмиши бўйича воқеалар аввал ҳам кузатилган. АҚШда бунақа бўлмаган, дейсизми? Кўп бўлган”, — деди Путин.

Шунингдек, у Навальнийни айирбошлашга рози бўлганини айтди.

“Кези келганида айтишим керакки, Навальний ҳаётдан кўз юмишидан бир неча кун аввалроқ менга баъзи ҳамкасбларим — улар администрация ходимлари эмас — жаноб Навальнийни Ғарб мамлакатларида озодликдан маҳрум этиш муассасаларида бўлган баъзи одамларга айирбошлаш ғояси борлигини айтганди. Балки менга ишонмассиз, лекин мен суҳбатлашган одам гапларини тугатар-тугатмас, “розиман” дедим. Афсуски, бунақа воқеа бўлиб қолди. Мен битта шарт билан рози бўлгандим: майли, айирбошлаймиз, лекин у қайтиб келмасин, ўша ёқда ўтирсин, дегандим. Аммо нима ҳам дердик, шунақасиям бўлиб туради”, — деди Путин.

Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний колонияда вафот этганини маълум қилди. Сиёсатчининг сафдошлари уни ўлдиришганини айтмоқда. Навальнийнинг онасига берилган ўлим ҳақидаги хулосада у табиий сабаблардан кўз юмгани қайд этилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.