Москвадаги теракт чоғида ва унгача Путин нималар билан банд бўлган? Хронология

путин
Президент Владимир Путин / Фото: kremlin.ru

“Важние истории” нашри Москвадаги “Крокус Сити Холл” концерт залида юз берган теракт арафасида, у содир этилаётган пайтда ва ундан кейин Россия президенти Владимир Путин нималар билан банд бўлганини таҳлил қилиб, воқеалар хронологиясини тузиб чиқди.

7 март куни кечқурун АҚШ ҳукумати террорчилар яқин орада Москвада одамлар тўпланадиган жойларда, шу жумладан, концерт майдонларида теракт уюштиришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирди.

19 март куни Путин АҚШнинг огоҳлантиришини “очиқчасига товламачилик” деб атади. Шундан уч кун ўтиб, теракт юз берди.

22 март 22:42, теракт бошланганидан кейин деярли уч соат ўтиб, 40 нафар қурбон ва 100 нафар ярадор ҳақида маълум бўлди. Путинга илк дақиқалардаёқ теракт ҳақида маълум қилинди ва у “барча зарур кўрсатмалар”ни берди, деб даъво қилади унинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

23 март 01:45, теракт бошланганидан кейин қарийб олти соат ўтгач, қурбонлар сони 62 кишига етди, ярадорлар эса 140 кишидан ошди. Путин терактда жабрланганларга соғайиб кетишни тилади, аммо шахсан эмас. У ўз гапларини бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова орқали етказди.

23 март 13:50, терактдан 18 соат ўтиб, 115 қурбон ва 121 ярадор ҳақида маълум бўлди. Путин ФХХ, ИИВ, Тергов қўмитаси, Росгвардия, ФВВ, ССВ раҳбарлари ва бошқа мансабдорлар маърузаларини тинглади.

23 март 15:37, терактдан 19,5 соат ўтиб, Путин биринчи марта омма олдида кўриниш берди ва Украинанинг қўли борлигини айтди. Ундан кейин Қозоғистон президенти билан қўнғироқлашди.

23 март 19:52, терактдан кейин бир сутка ўтди, 133 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Путин Туркия президенти Эрдўғон ва Сурия президенти Асад билан қўнғироқлашди.

24 март 12:02 — 17:48, теракт бошланганидан кейин 45 соат ўтиб, Путиннинг шахсий пропагандачиси Павел Зарубин Путиннинг терактдан кейинги фаолиятининг “илк дақиқалари ва соатлари” акс этган видеони эълон қилди.

Путиннинг ўзи эса шу куни Эмомали Раҳмон ва Илҳом Алиев билан қўнғироқлашди, сўнг ўзининг Ново-Огареводаги қароргоҳида бутхонада шам ёқди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.