Путин: Россия АҚШ президенти сифатида Трампни эмас, Байденни афзал кўради

Россия президенти Владимир Путин АҚШдаги бўлғуси сайловлар юзасидан изоҳ берар экан, Россия ҳар қандай Америка президенти билан иашлашга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Россия бу лавозимда Американинг собиқ етакчиси Дональд Трампни эмас, жорий президент Жо Байденни кўришни афзалроқ билган бўларди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Журналист Павел Зарубиннинг Россия қайси АҚШ президенти билан ишлашни маъқул кўрган бўларди, деган саволига Путин: “Байден”, — деб жавоб берди. “У тажрибалироқ, хатти-ҳаракатларини олдиндан айтиш мумкин бўлган одам, у эски формациядаги сиёсатчи. Аммо биз Америка халқи ишонч билдирадиган ҳар қандай АҚШ етакчиси билан ишлаймиз”, — дея қўшиб қўйди Россия президенти.

Шунингдек, Владимир Путин Жо Байденнинг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. “Байден билан Швейцарияда учрашганимда, яъни бир неча йил аввал — аммо ўшандаёқ уни лаёқатсиз деб аташарди — бунақа нарсани ҳеч ҳам сезмаганман”, — деди президент.

АҚШдаги сайловолди кампанияси, Путиннинг сўзларига кўра, шиддат билан бормоқда ва “кескинроқ шаклга ўтмоқда”. Президент таъкидлашича, Россия бу жараёнга аралашиши керак эмас.

АҚШ президенти сайловлари 2024 йил ноябрда бўлиб ўтади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.