Волков ўзига уюштирилган ҳужум ҳақида: “Бу Путиндан салом эди”
Россиялик марҳум мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдоши Леонид Волков Вильнюсда уйи яқинида уюштирилган ҳужумдан кейин касалхонадан уйига қайтиб келганини маълум қилди, деб ёзади BBC.
У ўз Telegram-каналида мурожаат эълон қилиб, унда ҳужум қилган шахс болға билан унинг оёғига 15 мартача урганини, аммо оёғи соғ-омонлигини, аксинча қўлини синдириб олганлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, у “ҳеч қандай изоҳ беришга тайёр эмаслиги”ни айтди. “Бу Путиндан, босқинчилар Петербургидан аниқ-равшан, ўзига хос салом бўлганидан ташқари. Владимир Владимирович, сизга ҳам салом!” — деди Волков.
Волковга ҳужум 15—17 март кунлари бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловлари арафасида юз берди. Алексей Навальний жамоаси “Путинга қарши чошгоҳ” акциясида қатнашишга чақирмоқда, у президент сайловида Владимир Путинга қарши овоз бермоқчи бўлганлар сайлов участкаларига бир вақтда — 17 март куни 12:00 да келишини кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний колонияда вафот этганини маълум қилди. Сиёсатчининг сафдошлари уни ўлдиришганини айтмоқда. Навальнийнинг онасига берилган ўлим ҳақидаги хулосада у табиий сабаблардан кўз юмгани қайд этилган.
Шарҳлар