Россия ҳудудига бостириб киришга уриниш чоғида Украинанинг 234 нафар ҳарбийси йўқ қилингани хабар берилди

военные
Foto: NATO

Украина томонида туриб жанг қилаётган қуролли гуруҳлар Россиянинг Белгород ва Курск вилоятларига бостириб киришга уринган пайтда уларнинг 234 нафари ўлдирилди, дея маълум қилмоқда РФ Мудофаа вазирлиги.

Идора қайд этишича, 12 мартга ўтар кечаси қўпорувчилик-разведка гуруҳи (ҚРГ) учта йўналишда Россия чегарасини кесиб ўтишга уринган: Харьков вилоятидаги Одноборовка аҳоли пункти томонидан ҳамда Белгород вилоятидаги Нехотеевка ва Сподарюшино ҳудудларидан.

Барча ҳужумлар қайтарилгани даъво қилинмоқда. Хусусан, Одноборовка ҳудудида ҚРГ 60 нафаргача одамини ва тўртта пикапини йўқотган; Нехотеевка яқинида душман томон талафоти 45 киши, иккита танк ва иккита бронетранспортёрдан иборат бўлган; Сподарюшинода эса ҚРГ 100 дан ортиқ одамини, бешта танкини, учта Брадлей жанговар пиёда машиналарини, иккита автомобилини ва муҳандислик машинасини қўлдан бой берган.

Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари Курск вилоятидаги Тёткино аҳоли пункти яқинида тўртта ҳужумни қайтаргани айтилмоқда. Аммо Мудофаа вазирлиги ушбу жанг тафсилотларини ва Россия қўшинлари орасидаги талафотни келтириб ўтмади. Россия ҳарбийлари “давлат чегараси бузилиши”га йўл қўймагани таъкидланди. Айни пайтда бир қатор нашрлар жанглар Россия ҳудудида олиб борилгани ҳақида ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Украина қўпорувчилик-разведка гуруҳлари Россиянинг Белгород ва Курск вилоятларига бостириб киришга урингани ҳақида россиялик ҳарбий мухбирлар хабар берган эди.

Кейинроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати Украина қуролли кучлари Белгород ва Курск областларига бостириб киришга уринганида, 100 киши, душманнинг 6 та танки, Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмаси ва 20 та зирҳли техникаси йўқ қилинганини маълум қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.