АҚШда шифокорлар венага туша олмагани учун серияли қотилни қатл қилиш жараёни тўхтатилди

Tomas Krich. Foto: CNN

АҚШнинг Айдахо штатида шифокорлар инъекция қилиш учун вена томирига туша олмагани сабабли, серияли қотил Томас Крични қатл қилиш жараёни тўхтатилди, деб хабар бермоқда CNN штат ахлоқ тузатиш муассасалари департаментига таяниб.

Тиббий бригада саккизта уринишдан кейин ҳам катетер ўрната олмаганидан сўнг, 28 февраль куни 11:00 атрофида (Тошкент вақти билан 23:00) қатлни “давом эттириш имконсиз” деб топилди. Департамент директори Жош Тевальтнинг айтишича, ўлим жазосини ижро этиш муддати ўтиб кетгани сабабли, Крич камерага қайтарилади. “Давлат кейинги қадамларни ўйлаб кўради”, — дея хулоса қилди у.

Кричнинг адвокатлари ҳодиса юзасидан норозилик билдирди ва Айдахонинг “шу пайтгача етарлича азоб чекишга улгурган бу беозор қарияни ўлдиришга уринишлари”ни бемаънилик деб атади. Маҳкумнинг адвокатлари бир неча кун аввал АҚШ Олий судига мурожаат қилиб, уни қатл этишда қўллаш режалаштирилган пентобарбитал препаратининг келиб чиқиши ҳақида етарлича маълумот йўқлиги устидан шикоят қилганини эслатди. Крич ушбу дори “ишончли бўлмаган етказиб берувчилар”дан келиб тушгани юзасидан хавотирланган.

Асли огайолик Крич Айдаходаги қатъий режимли қамоқнинг ўлимга маҳкум этилганлар камерасида 50 йилдан ортиқ вақт давомида сақланмоқда. У учта штатда бешта қотилликни амалга оширишда айбдор деб топилган. Бундан ташқари, Крич яна камида 6 та қотилликни амалга оширганликда гумонланмоқда. Суд материалларига кўра, жиноятчи камида 26 кишини ўлдирганини ёки ўлдиришда иштирок этганини тан олган.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган пайтида, 1981 йилда Крич ўз камерадоши Дэвид Женсенни батареялар билан тўлдирилган пайпоқ ёрдамида уриб ўлдирган. У ўз айбига иқрор бўлган ва бир йилдан кейин ўлим жазосига ҳукм қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.