Россиялик ҳарбий Луганскда истиқомат қилган 17 ёшли қизни зўрлаб ўлдиргани маълум бўлди
Украинадаги уруш иштирокчиси Луганскда яшовчи 17 ёшли қизни зўрлаб ўлдирди, дея хабар беради Astra. Телеграм-канал хабарига кўра, Россиянинг Владимир областида туғилган 33 ёшли Андрей Курбасов Луганскда қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
Astra манбасига кўра, Курбасов 17 ёшли Анастасия В.ни зўрлаганини, кейин эса уни пичоқлаб ўлдирганини тан олган. У қурбоннинг жасадини ўрмонга яшириб, тошлар билан кўмган.
Курбасов бир йил ёки бир ярим йил олдин Россиядаги колониядан Украинага қарши урушга кетган, дейди гумондорнинг яқинлари Astra нашрига.
Телеграм-каналнинг аниқлик киритишича, 2016 йилда Курбасов гиёҳванд моддаларни сақлаш ва яна бир аёлни ўлдиришда айбланиб, тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилган. Astra нашри суд ҳукмига таяниб, Курбасов маст ҳолда жабрланувчини уриб, кейин бўғиб ўлдирганини ёзади.
Бундан ташқари, нашрнинг аниқлик киритишича, у аввал ҳам талончилик, автомобиль ўғирлаш ва босқинчиликда айбланиб судланган.
Шарҳлар