Россияда урушга қарши чиқишлар муносабати билан 900 дан ортиқ кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Фото: DW

Уруш бошланганидан буён Россияда урушга қарши позициясини билдиргани учун 902 нафар шахсга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилгани маълум бўлди. Уларнинг 260 дан ортиғи озодликдан маҳрум қилиш жойларида экани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда DW хабар беради.

«ОВД-Инфо» ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳининг маълумотларига кўра, Россия Украинага тўлиқ ҳужум бошлаганидан сўнг одамлар кўпроқ «армия ҳақида ёлғон хабарлар» тарқатгани учун таъқиб қилинмоқда. Бу моддага асосан 285 киши судланган ёки судланмоқда. «Армияни обрўсизлантириш» моддаси билан 172 киши судланмоқда ёки судланган. Жиноий ишларни қўзғатиш бўйича учинчи ўринни эса Украинадаги уруш контекстида 150 кишига нисбатан қўлланилган «терроризмга чақириқ» моддаси эгаллайди.

Урушга қарши чиқишлар бўйича энг кўп жиноий ишлар Москвада (159 нафар), Санкт-Петербургда (77 нафар) ва Свердловск вилоятида (29 нафар) қўзғатилган. Шу билан бирга, урушга қарши чиқишлар деярли барча Россия ҳудудларида таъқиб қилинмоқда. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, Чеченистон, Қорачой-Черкессия, Ненец Автоном Округи ва Брянск вилоятида уруш қарши чиқишлар бўйича расмий ишлар қўзғатилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, камида 67 ҳолатда урушга қарши чиқишлар бўйича айбланувчилар ўзларига нисбатан қийноқ қўлланилганини маълум қилишган. Урушга қарши чиқишлар муносабати билан қўзғатилган жиноий ишлар бўйича 264 нафар шахс Россиядан чиқиб кетган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.