Қозоғистон МХҚ собиқ ходимларига Астана қамоқхонасида “қийноқ йўлагини” ташкил этгани учун 6,5 йилгача қамоқ жазоси берилди

Фото: fergana agency

Акмола гарнизонининг ҳарбий суди Астана шаҳридаги қамоқхонада “қийноқ йўлаги”ни ташкил этгани учун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тўрт нафар собиқ ходимига 6,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ҳукм 22 апрелда эълон қилинган. Бу ҳақда “Медиазона” хабар беради.

Суд МХҚ подполковниги Еркин Амановга 6,5 йил қамоқ, майор Хамит Абдуғани, капитан Қайрат Сартаев ва чегара назорати бошқармасининг мутахассиси Қуандиқ Муҳтарҳоновга 5 йил қамоқ жазосини тайинлади.

Шунингдек, Аманов, Абдуғани ва Сартаевга 3 йил давлат идораларида хизмат қилиш тақиқланди. Мухтархонов умрбод давлат хизматида ва молия соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

2021 йилда МХҚ “жиноий уюшмага қарши махсус амалиёт” ўтказган ва 59 кишини қўлга олган эди. Ушанда қамоқхонага олинганларнинг яқинлари уларга қийноқ берилгани ҳақида арз қилишган. 2022 йили МХҚнинг собиқ ходимларига қарши Коррупцияга қарши курашиш хизмати жиноят иши қўзғатди. Дастлаб бунда 46 жабрланувчи иштирок этдиди, кейинчалик уларнинг сони 13 кишигача қисқарди.

Олти ой давом этган тергов Астана шаҳрининг Байконур туманидаги 64-муассаса биринчи биносининг 3-қаватида “қийноқ йўлаги” мавжуд эканини фош этди. “Махсус изоляторда” одамларга иқрор бўлишлари учун қийноқ берилган.

Айбловчи хужжатга кўра, қийноқ режасини тузишда МХҚ раҳбарияти, Астана прокурори ва пойтахт жазони ижро этиш қўмитаси бошқармаси раҳбари иштирок этган.

Судланган собиқ хавфсизлик ходимлари айбларини тан олиди, аммо улар фақат буйруқни бажарганларини таъкидлашган.

Шу билан бирга, “Азаттик” қамоқхонада қийноққа учраган қозоғистонликларнинг қаридошлари билан боғланди ва дастлабки суд жараёнида барча ҳолатлар фош этилмагани ойдинлашган.

“Улар қамоққа олинганларни осиб қўйганини, бошини унитазга тиқишгани, оғзига сув қайнатгич, орқага резина қурол киритишганини тан олишмади. Биз бошидан бери уларнинг буйруқни бажарувчи эканини айтяпмиз. Ким буйруқ берганини аниқлашни ва уларни жавобгар тортишни талаб қиламиз”, – деди жабрланувчилардан бирининг қариндоши Қуралай Ўмирбоева.

Адвокат Галим Нурпейсов хавфсизлик қўмитасида қийноқ жойлари ташкил қилиш амалиётининг совет давридан қолгани таъкидлади. Судьянинг “махсус изолятор” ташкил этилгани тўғрисидаги ошкора баёноти ҳам бундай ҳуқуқбузарликларнинг бартараф этилишига олиб келмаслигини айтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.