АҚШ Россия ҳарбийларига Шимолий Корея ракеталари берилганига жавобан санкциялар жорий қилди
АҚШ Шимолий Корея ракеталарининг Россия ҳарбийларига берилишига жавобан санкциялар киритди. “Америка Овози” АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг баёнотига таяниб хабар беришича, учта юридик ва бир жисмоний шахс чекловларга дучор бўлган.
Хусусан, “224-учувчи отряд” давлат авиакомпанияси директори Владимир Михейчик ва «Владимировка» ҳарбий-тадқиқот комплекси санкция рўйхатига киритилган. Шунингдек, Ашулук полигони ва ҳарбий транспорт авиацияси билан боғлиқ учта Ил-76МД самолётларига ҳам чекловлар киритилди.
Блинкеннинг баёнотида қайд этилишича, баллистик ракеталарнинг берилиши Россия ҳарбий агрессиясини қўллаб-қувватлайди, Украина халқининг азобини оширади ва глобал ядровий қуролларни тарқатмаслик режимига путур етказади.
Аввалги ҳолатда, Вашингтоннинг хабар беришича, 2023 йилнинг май ойида Россия Мудофаа вазирлигининг 223 ва 224-учувчи отряди ҳам “Вагнер” ХҲКдан ёлланма аскарлар ва қурол-яроғларни ташигани учун АҚШ санкцияларига дучор бўлган эди.
Шарҳлар