Россия катта миқдорда пул ваъда қилиб, юзлаб шри-ланкаликларни урушга жалб этган

Foto: “TASS”

Россия Украинадаги урушга бошқа мамлакатлар фуқароларини ёллашда давом этмоқда, деб ёзади Al Jazeera. Кубаликлар, сербияликлар, непалликлар ва ҳиндистонликлар сафига энди шри-ланкаликлар ҳам қўшилди. Ушбу мамлакатнинг камида икки нафар фуқароси фронтда ҳалок бўлишга ҳам улгурган.

Фронтда яраланган 36 ёшли Сенака Бандара нашрга маълум қилишича, улар бунчалик хавфли вазиятга тушишларини билмаган. У оғир яраланган ҳамюртини ўқ ёмғири остидан олиб чиқишга уринган, аммо Украина дронлари уларнинг истеҳкомини йўқ қилган, натижада Сенака ўзини қутқаришга мажбур қолган.

Унинг сўзларига кўра, уларга Донецкда “ёрдамчи ишлар”га жалб этилишларини айтишган. Улар икки марта тайёргарлик курсидан ўтган, шундан сўнг олд фронтга юборилган. “Аммо биз у ерда ҳужумга учрашимизни билмагандик”, — деди Сенака.

Россияда истиқомат қилаётган шри-ланкаликлар нашрга маълум қилишича, айни пайтда Украинадаги Россия армияси таркибида уларнинг юзлаб ҳамюртлари хизмат ўтамоқда. Улар ойига 3000 долларгача маош ва Россия фуқаролигини бериш ваъдалари билан жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон ҳукумати Россиядан мамлакат армияси билан шартномалар тузган ҳинд фуқароларига муддатидан олдин хизматдан бўшашга рухсат беришни сўраган эди. The Hindu нашри маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида 100 га яқин Ҳиндистон фуқароси Россия армияси билан шартномалар тузган бўлиши мумкин. 20 февраль куни нашр жанговар ҳаракатларда иштирок этишни кўзда тутмаган иш учун рози бўлган камида уч нафар Ҳиндистон фуқароси Россия армияси сафларида жанг қилишга мажбурланган.

Кейинроқ етти нафар Ҳиндистон фуқароси видеомурожаат эълон қилиб, уларни Россия қуролли кучлари томонида туриб Украинадаги урушда жанг қилишга мажбурлашаётганини маълум қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.