Россиядаги терактдан кейин Францияда террорчилик хавфининг энг юқори даражаси жорий этилди

Foto: Getty Images

Франция ҳукумати Россиядаги “Крокус Сити Холл” концерт залида юз берган теракт муносабати билан энг юқори даражадаги террорчилик хавфини эълон қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Қарор Елисей саройида президент Эммануэль Макрон чақирган Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши мажлисида қабул қилинди.

“Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олгани муносабати билан ҳамда мамлакатимиз қаршисида турган таҳдидлар туфайли, биз Vigipirate (террорчиликка қарши кураш режаси) даражасини энг юқори — “шошилинч ҳужум хавфи” даражасигача оширишга қарор қилдик”, — деб ёзди бош вазир Габриэль Атталь Х ижтимоий тармоғида.

Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгашининг 24 март кунги мажлиси Москвадаги терактга бағишланди.

Нашр эслатишича, Франция террорчилик хавфи даражасини январдагина пасайтирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Крокусда “Пикник” гуруҳи концерти бошланиши арафасида концерт залига қуролли шахслар бостириб кириб, ичкаридаги одамларга қарата ўт очди, бинога ўт қўйиб, қочиб кетди. 130 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 140 дан зиёд киши жабрланди. 23 март куни тўрт нафар гумонланувчи ва уалрнинг етти нафар шериклари қўлга олинди.

Франция президенти Эммануэль Макрон теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди. У “террорчилик ҳаракатини қатъиян қоралаган”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.