Туркия Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди
Туркия Тожикистон фуқаролари учун виза режимини қайта тиклади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бундай фармон президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланди. Сабабларга аниқлик киритилмаяпти.
“Оддий хорижга чиқиш паспортига эга Тожикистон фуқаролари учун Туркияга сафар қилишдаги визасиз режимни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинди”, — дейилади расмий ахборотномада эълон қилинган фармон матнида.
Эслатиб ўтамиз, Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактда айбланаётганларнинг камида икки нафари ҳужумдан аввал Истанбулга боргани хабар берилганди. Улар Россияда истиқомат учун рухсатномани узайтириш мақсадида шундай қилган. Гумонланувчилардан бири Шамсиддин Фаридуний Туркиядадаги тожик экстремистик ташкилотлари билан алоқадор бўлган. Терактни амалга ошириш учун у Истанбулда тайёргарликдан ўтган.
Шунингдек, апрель бошида Истанбулда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари терактга тайёрланишда гумон қилиниб қўлга олинган эди. Тергов талқинига кўра, улардан бири — тожикистонлик эркак ИШИД аъзоси бўлган. Қирғизистон фуқароси эса депортация қилинган.
Шарҳлар