Санкцияларга қарамасдан, Ҳиндистон Россиядан иккита ҳарбий кема қабул қилиб олади

Foto: “RIA Novosti”

Ҳиндистон яқин ойларда 2018 йилда тўртта кема етказиб бериш ҳақида тузилган 2,2 миллиард долларлик битим доирасида Россияда ишлаб чиқарилган иккита ҳарбий кемани қўлга киритади. Бу ҳақда Bloomberg ҳиндистонлик юқори мансабли амалдорларга таяниб хабар берди. Қолган иккита кема Ҳиндистонда Россия билан ҳамкорликда қурилмоқда, аммо етказиб беришлар билан боғлиқ муаммолар туфайли графикдан орқада қолмоқда.

Кемалардан бири сентябрда, иккинчиси эса келаси йил бошида Ҳиндистонга етказилиши мумкин. Украинадаги низо ва у билан боғлиқ санкциялар туфайли кемаларни етказиб бериш икки йилга кечикмоқда.

АҚШнинг Россияга қарши санкциялари сабабли Ҳиндистонга қурол етказиб бериш бир йилдан зиёд вақтга тўхтаб қолди, чунки томонлар чекловларни бузмайдиган тўлов механизмини топишга уринганди. Bloomberg манбаларига кўра, Ҳиндистон ва Россия тўлов билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилган.

Нью-Дели Москвага қурол учун ҳинд рупияси билан тўламоқда, аммо нефть хомашёси учун БАА дирҳами ёки АҚШ доллари каби турли валюталардан фойдаланмоқда. Пекин билан алоқалардаги кескинлик туфайли эса Хитой юанидан воз кечган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.