Қашқадарёда маст эркак МИБ ходимларига ошхона пичоғи билан ҳужум қилди

Фото: БПИ

30 январь куни Мажбурий ижро бюроси Касби туман бўлими ходимлари Ж.Маматқулов, И.Жовлиев ва Ф.Йўлдашевлар томонидан ижро ҳужжатига асосан фуқаро Д.Полвоновнинг 41 млн. 660 минг солиқ, давлат божи ва маъмурий жарималарини ундириш юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилган. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Ижро ҳаракатлари давомида фуқарога қарздорликни тўлаши лозимлиги, акс ҳолда, қарздорлик эвазига мулки хатланиши тушунтирилганда, Д.Полвонов спиртли ичимлик ичган ҳолатда, ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, уларга фаол қаршилик кўрсатиб, қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, хонадонида бўлган хўжалик пичоғини олиб чиқиб, уларни ўлдириш билан таҳдид қилиб, давлат ижрочиларига енгил тан жароҳати етказган.

“Шунингдек, ходимлар уни тинчлантирмоқчи бўлганда, давлат ижрочисига тегишли “Матиз” русумли автотранспорт воситасини дастлаб пичоқ билан, пичоқ сингач, темир болта билан барча ойналарини синдириб, кузов деталь қисмларини уриб, жиддий шикаст етказиб, хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган”, – дейилади хабарда.

Муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан айбланган Д.Полвонов бу сафар ушбу кодекснинг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан айбдор деб топилди, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.