Украина армияси Авдеевкадан қўшинларни қисман олиб кетишни бошлади — WP
Украина ҳарбийлари Донецк вилоятидаги Авдеевка шаҳридан қўшинларни қисман олиб кетишни бошлаганини маълум қилди, у Украина қуролли кучлари (УҚК)нинг Донецк чеккасидаги муҳим мустаҳкамланган тумани эди. Бу ҳақда Американинг The Washington Post газетаси украиналик ҳарбийларга таяниб хабар берди.
Газета суҳбатдошлари фикрича, Авдеевканинг қўлдан бой берилишини вақт кўрсатади. Украинанинг шаҳардаги сўнгги таянчи, катта эҳтимол билан, вайрон бўлган кокс кимёси заводи бўлади, деб ёзади нашр.
Авдеевка эгаллаб олинган тақдирда, деб ёзади WP, бу Россия қўшинлари 2023 йилда “Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учраганидан кейин жанг майдонида қўлга киритган энг аҳамиятли ғалаба”га айланади ва бу “Киевга аскар, қурол-яроғ, ўқ-дори, руҳий далда ва пул етишмаётганлиги туфайли, Россия қўшинлари ташаббусни ўз қўлига қайтариб олаётганидан дарак берувчи энг яққол белги бўлади”.
Россия қўшинлари Авдеевкага ҳужумни 2023 йил октябрида бошлаган ва катта талафотларни бошдан ўтказган эди. 2024 йил бошидан буён Россия армияси УҚК гуруҳи учун таъминот йўли ўтадиган кокс кимёси заводини Авдеевкадан узиб қўйишга уринмоқда. 15 февраль куни Россия ва Украина манбалари РФ қўшинлари Авдеевкага асосий кириш йўлини эгаллаб олганини маълум қилди.
Шарҳлар