Байден хавфсизликка таҳдид туфайли Россия билан мулоқотни йўлга қўйишни буюрди

Foto: Getty Images

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар координатори Жон Кирби аввалроқ ОАВлар хабар берган миллий хавфсизликка таҳдид Россия ишлаб чиқаётган сунъий йўлдошларга қарши воситаларга алоқадор эканини тасдиқлади, деб ёзади “РБК”. У тафсилотларни келтира олмаслигини таъкидлади, аммо ушбу воситалар ҳали ишга туширилмаганини айтди.

“Ҳозир кимнингдир хавфсизлигига нисбатан бевосита хавф йўқ. Биз одамларга ҳужум қилиш мумкин бўлган ёки Ерда жисмоний вайронагарчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган қурол ҳақида айтмаяпмиз”, — деди Кирби.

АҚШ президенти Жо Байден маълумотлар билан танишиб чиққач, ўз маъмуриятига дипломатик каналлар орқали Россия билан тўғридан тўғри мулоқотга киришишини буюрган. Кирбининг сўзларига кўра, разведка маълумотлар кенг оммага тарқалиб кетганидан “жуда хавотирда” бўлиб, зудлик билан оммага эълон қилгандан кўра, ёпиқ ҳолда суриштирув ўтказилиши анча самаралироқ ёндашув бўлган бўларди, деган фикрда.

Журналистларнинг мулоқотлар ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Кирби Вашингтон аллақачон Россия томони билан боғлангани, бироқ муайян музокаралар олиб бормаганини айтди.

15 февраль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси раиси республикачи Майк Тёрнер баёнот эълон қилиб, “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида огоҳлантирди ва АҚШ президенти Жо Байдендан ушбу “таҳдид”га тааллуқли “барча маълумотларни ошкор этиш”ни талаб қилди.

Кейинроқ ABC News каналининг манбалари разведка маълумотлари Россиянинг коинотга ядро қуроли жойлаштириш режалари билан боғлиқлигини билдирди. “Гап уни Ерга ташлаш ҳақида эмас, балки сунъий йўлдошларга қарши қўллаш эҳтимоли ҳақида бормоқда”, — деб ёзди нашр.

Кремль эса Москванинг космосдаги янги ядро салоҳияти ҳақидаги АҚШнинг огоҳлантиришини рад этиб, буни “ёмон ниятли уйдирма” ва Оқ уйнинг америкалик қонунчилардан Россияга қарши курашиш учун кўпроқ маблағни тасдиқлатишга қаратилган ҳийласи деб атади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.