Путин: Украина сайловларга халал бериш учун Россия ҳудудларига ҳужум қилишга уринмоқда
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳафта охирига белгиланган президент сайловлари ўтказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Россия ҳудудларига ҳужум қилишга уринаётганини айтди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ҳужумлар сабаби музокаралар жараёнида “кузирни қўлга киритиш” истагидан иборат бўлиши ҳам мумкин.
“Шубҳам йўқки, асосий мақсад Россияда президентлик сайловини барбод қилиш бўлмаса-да, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини ифодалаш жараёнига қандай қилиб бўлса-да халал беришдан иборат. Бу биринчиси. Иккинчиси, олдин айтганимдек, ахборот таъсири”, — деди Путин “Россия 1” ва “РИА Новости”га берган интервюсида.
Унинг қўшимча қилишича, ҳужумлар Украинанинг жанговар ҳаракатлар ҳудудидаги муваффақиятсизликлари фонида юз бермоқда. Путин уларнинг яна бир сабаби музокараларда устунликка эга бўлиш эканини таъкидлади. “Учинчиси — агар нимадир амалга ошиб қолса, эҳтимолий бўлғуси музокаралар жараёнида қандайдир имкониятга, далилга, кузирга эга бўлиш: яъни биз сизга буни қайтарамиз, сиз эса уни қайтарсиз, деб айтиш учун”, — дея аниқлик киритди Россия президенти.
12 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Москва, Ленинград, Белгород, Курск, Брянск, Тула ва Орлов вилоятларида учувчисиз учар қурилмалар уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, идора Белгород ва Курск вилоятлари ҳудудларига қўпорувчилар бостириб киришга уринганини маълум қилди. 13 мартга ўтар кечаси эса Брянск, Белгород, Курск ва Ленинград вилоятлари ҳужумга учради. Рязань вилоятида дронлар зарбасидан нефть қувури ёниб кетди.
Шарҳлар