АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади
АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси Украинага ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар беради Meduza. Қонун лойиҳасини ёқлаб 311 конгрессмен овоз берди, 112 та қарши овоз берилди.
Маъқулланган ҳужжат қарийб 61 миллиард доллар ажратилишини кўзда тутади.
Ушбу суммадан 23 миллиарди Америка қурол захираларини тўлдириш учун, 11 миллиарди АҚШнинг минтақадаги операцияларини молиялаштириш учун, яна 14 миллиардга яқини эса замонавий қурол-яроғ ва мудофаа тизимларини сотиб олиш учун мўлжалланган. Бевосита Украинага қурол-яроғ учун 23,2 миллиард доллар ажратилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжат АҚШ президентига Украинага АТАCМS узоқ масофали ракеталарини тақдим этиш мажбуриятини юклайди. Бироқ Оқ уй раҳбари ракеталарнинг берилиши АҚШ миллий хавфсизлик манфаатларига зарар етказиши мумкин деб ҳисобласа, ушбу қарорни кечиктириши мумкин.
Ҳужжат Сенатда овозга қўйилиши керак, шундан кейин уни АҚШ президенти имзолайди.
АҚШ Конгресси ўтган йил кузидан буён республикачилар ва демократлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли, Украинага 61 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам ажратилишини маъқуллай олмаётган эди. Киев учун ҳарбий ёрдам пакети АҚШ миллий хавфсизлиги ҳақидаги ягона қонун лойиҳасига кирган, уни республикачилар Америка чегарасини қўриқлаш бўйича чора-тадбирларни қамраб олмагани учун қабул қилишдан бош тортган эди.
Апрелда битта қонун лойиҳаси ўрнига Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам ҳақида алоҳида қонунлар лойиҳалари, шунингдек, АҚШ миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди.
Шарҳлар