,

Зеленский Украина ҚК Бош штаби бошлиғини алмаштирди

Анатолий Баргилевич
Фото: соцсети

Украина президенти Владимир Зеленский Украина қуролли кучлари (УҚК) Бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Сергей Шапталани ишдан бўшатди. Унинг ўрнига генерал Анатолий Баргилевич тайинланди. Бунгача у УҚК ҳудудий мудофаа кучларига қўмондонлик қилган, деб ёзади “Коммерсантъ”.

УҚК Бош штаби бошлиғини ўзгартиргани ҳақида Зеленский 9 февраль куни ўзининг кечки видеомурожаатида маълум қилди. Шунингдек, у 8 февраль куни тайинланган УҚК бош қўмондони Александр Сирский ўз ўринбосарлари лавозимларига номзодлар бўйича бир қарорга келганини айтди. Уларнинг исмларини Украина президенти ошкор қилганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Зеленский УҚК раҳбарияти таркиби ислоҳ этилишини эълон қилди. Ўша куниёқ бош қўмондон лавозимини Валерий Залужний тарк этди. Унинг ўрнига бунгача қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бўлиб ишлаган генерал-полковник Александр Сирский тайинланди.

Анатолий Баргилевич 54 ёшда, у Украинанинг Житомир вилоятида туғилган. 2017 йил августида у генерал-майор унвонини қўлга киритган. 2022 йилда Баргилевич қўшинлар шарқий гуруҳи бошлиғи этиб тайинланган. 2023 йил октябрида эса УҚК ҳудудий мудофаа кучлари қўмондонига айланган.

Аввалроқ Валерий Залужнийга Украина қаҳрамони унвони берилди, бу ҳақдаги фармонни президент Владимир Зеленский имзолади.

Киев марказида эса Залужнийни қўллаб-қувватловчи акция ўтказилмоқда. “Майдан”да 150 га яқин одам тўпланган. Намойишчилар Валерий Залужнийни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони лавозимига қайтаришга чақирмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.