АҚШ Украина учун зирҳли техникадан иборат йирик ёрдам пакетини тайёрламоқда
АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. У март ойида ажратилган 300 миллион долларлик пакетдан анча йирик бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Politico америкалик мансабдорларга таяниб ёзмоқда. Манбаларга кўра, унга зирҳли техника ва Bradley пиёда жанговар машиналари киради.
Ушбу пакет доирасида АҚШ Украинага HМWWV (Humvee) кўп мақсадли ҳарбий автомобилларини, М113 бронетранспортёрларини, шунингдек, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа учун артиллерия ва снарядларни тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.
Янги пакет “Украинанинг жанг майдонидаги эҳтиёжларини қондириши” мумкин, деди нашр суҳбатдошлари. Уларнинг тахмин қилишича, Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ президенти Жо Байден томонидан имзолангач, пакет доирасидаги етказиб беришлар дарҳол бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Конгресс қуйи палатаси мажмуали қонун лойиҳаси доирасида Украинага 61 миллиард долларлик ёрдам ажратилишини маъқуллади. 23 апрель куни у Сенат томонидан кўриб чиқилиши керак. Маъқулланган тақдирда эса уни Жо Байден имзолайди.
Шарҳлар