Муаммо биз томон қараб келмоқда

Муаммо биз томон қараб келмоқда

Ўтган ҳафтада “нон-стоп” режимида бўлиб ўтган учта воқеа Ўзбекистон учун битта муҳим мавзу – террорчилик масаласи билан боғлиқ бўлди. Мен Ўзбекистон раҳбари ҳам иштирок этган Бокудаги Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш)нинг еттинчи саммити, Душанбедаги МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари раҳбарларининг мажлиси ва Тошкентда ўтказилган “Замонавий ҳарбий низолар: мазмун ва сабоқлар” Биринчи халқаро форумини назарда тутяпман. Ушбу муҳим воқеалардан кейин бир неча кун ўтди ва хис-ҳаяжонлар бироз босилди. Энди бемалол гапириш мумкин.
 
Туркий кенгаш ўйлашга мажбур этяпти
 
Туркий кенгашни ҳозирнинг ўзидаёқ янги геосиёсий ва иқтисодий воқелик дейишмоқда. Бу воқелик кўпчиликни чуқур ўйланишга мажбур этаётган баёнотларни беряпти. Хусусан, Туркия президенти Режеп Эрдоған Туркий кенгаш давлатларини “битта халқ” деб ҳисобламоқда ва “биз бирга эканлигимиз”дан мамнун. Саммитда хурсанд бўлишни баъзида кейинга суриш кераклиги маълум бўлди.

Бу сафарги Туркий кенгаш саммитида Ўзбекистон тўлақонли аъзо сифатида илк бор қатнашди. Бундан аввал Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия (Венгрия кузатувчи мақомида) кенгаш аъзолари эди. Аnhor.uz учун Бокудан ушбу ҳисоботни тайёрлаган журналистларнинг қайд этишича, Ўзбекистон президенти илк иштирокданоқ  ташаббуслар таклифи билан чиққан. Туркиянинг «Hurriet Daily» нашри уларни “Туркий кенгашни ишлашга мажбур этадиган янги қон” деб ҳам аташга улгурди. Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашга аъзо мамлакатларга ҳамкорликда технопарклар, инновацион стартап-компаниялар ва венчур фондлар, қўшма инвестицион фонд ва туркий тилли мамлакатлар савдо уйларини яратишни таклиф қилган. Шунингдек у Туркий кенгаш доирасида ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини 2020 йили Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билан чиққан.

Бу пайтда, гап нима ҳақида боришидан қатъи назар, Хитойнинг “Бир белбоғ – бир йўл” лойиҳаси йиғилиш иштирокчиларининг доим эсида турди (хитой дипломатлари саммит майдонларида жуда фаол суҳбатларни олиб борди). Шу боис Туркий кенгаш аъзолари Ўзбекистон етакчисининг “Шимол-Жануб” халқаро транспорт коридорига интеграциялаш учун янги транспорт тармоғини яратиш таклифига алоҳида эътибор қаратди. Маълумки, бу Ҳиндистон томонидан “Бир белбоғ…”га қарши фаол илгари сурилаётган лойиҳа. Яқин пайтларгача ҳиндлар “Бир белбоғ..”ни мустамлакачилик ғояси деб очиқ айтишаётганди. Шу билан бирга, мамлакатимиз раҳбари Хитойнинг бошқа лойиҳаси “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл қурилиши амалга оширилганидан кейин савдолардаги эҳтимолий ривожланишга ҳам ишора қилди. Бу йиғилиш иштирокчилари томонидан муққаррар нарса сифатида қабул қилинди. 
 
Бу “бировнинг касрига қолиш” дейилади
 
Эътиборингизни қаратмоқчи бўлган нарсам бу – саммитдан бир кун олдин ўша «Hurriet Daily» нашрида чоп этилган президентимизнинг мақоласи. Шавкат Мирзиёев шундай деб ёзади: “Террорчилик, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик, одам савдосига қарши курашишда Туркий кенгаш давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш туркий тилли давлатлар ўзаро муносабатларининг базавий жиҳатларидан бирига айланиши лозим”.  Буни қаранг, Ўзбекистон раҳбари ўз мақоласида саммит иштирокчиларининг энг қизғин баҳс-мунозараларини ҳам олдиндан пайқаган.
 
Ҳаммаси Қорабоғ низоси турклар томонидан Бокунинг “адолатли кураши” деб айтилишидан бошланди. Майли, бу уларнинг минтақавий муаммоси. Аммо жаноб Эрдоған қўлини зал бўйлаб айлантириб “Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш учун қўлимиздан келган ҳаммасини қиламиз” деб айтганида, журналистларда дарров “Биз – бу ким?” деган савол туғилди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон низонинг иккала томони билан ҳам муносабатлари яхши.
 
Жаноб Эрдоғаннинг баёнотидан кейин, озарбайжонлик ҳамкасбимиз ва “Коммерсантъ” (Москва) мухбири ўртасидаги суҳбатда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги тинчликпарварлик сиёсати тилга олинди. Иккала суҳбатдош ҳам халқаро низолар мавзусини “қийиб қўяди”. Ким билади, эҳтимол улар “эртанги кунга” назар ташлагандир ва мамлакатимиз яна бир низони ҳал қилишда қатнашишига тўғри келар? 
 
Жангарилар мадад кутяпти
 
Жаноб Эрдоғаннинг қуйидаги баёноти эса залда кескинликни келтириб чиқарди. Ўз армиясинниг Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётлари ҳақида гапирар экан, Туркия президенти Туркий кенгаш мамлакатларини “террорчиликка қарши курашишда Туркияга тўлақонли ёрдам бериш”га чақирди. Журналистларнинг ҳаммаси бирданига Amnesty International ташкилотида “турк аскарларининг ҳарбий жиноятларига далиллар” мавжудлигини ва туркларнинг ёнида жанг қилишга ҳеч кимда унчалик ҳам катта хоҳиш йўқлигини эслашди. Тўғри, кейин Туркия вакиллари сўз Суриядаги жангларда қатнашиш эмас, балки Туркий кенгаш мамлакатлари ҳудудида ва уларга туташ давлатларда ишлаш ҳақида бораётганига аниқлик киритишди. Яъни жаноб Эрдоған ўзбек махсус хизматидан конкрет ёрдам кутмоқда.

Кўпгина ОАВ туркларнинг курдлар билан жанглари натижасида 11 мингта ИШИД жангарилари ва бошқа экстремистик тузилмалар сақланган камида учта концлагер қўриқчисиз қолганлиги ҳақида маълумот берди. Кабани шаҳри ёнидаги лагернинг ўзида камида 400 та собиқ юртдошимиз, ҳозирда “Туркистон ислом партияси”нинг аъзолари сақланаётган эди. Бир ҳафта олдин Айн-Иеса шаҳри яқинидаги лагердан 700 та (бошқа маълумотларга кўра 859 та) жангари қочган. Бу ҳақда батафсил маълумот берган CNN ҳатто қочоқлар айнан қайси тузилмага кирганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, уларнинг юзга яқини Ўзбекистон ислом ҳаракатига (ёки Туркистон ислом ҳаракати (партияси), иккаласи ҳам бир) аъзо бўлган. Бу қочоқлар тилни яхши билмагани учун маҳаллий аҳолига қўшилиб кетолмаган, шу боис уларни аниқлаш имкони бўлган. Мана буниси энди ёмон янгилик – жангарилар биз томонга қараб келяпти… «Al-Ikhbariya» телеканали тарқатган хабарга кўра, уларни қандайдир бир автобуслар “олиб кетган” ва YPG оператив чуқурлиги ҳудудига олиб чиққан (“Сурия демократик кучлари” таркибида жанг қилишади), бу ердан улар “ватанига жўнатилади”. Хўш, қаерга?
  
БМТнинг Афғонистондаги аҳвол бўйича охирги маърузасида Бадахшон (Тожикистон билан чегарадош) ва Балхда (Ўзбекистон билан чегарадош) толиблар билан алоқаси бўлмаган жангарилар тузилмалари тўпланаётгани ҳақидаги рақамлар келтирилади. Бизни Балх провинциясида қизиқтиради: бу ерда “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати”нинг 350 та жангариси (кўпчилиги уйғур, аммо ўзбеклар ҳам бор), 200 нафар ИШИД жангариси (командири тожик Сайвали Шофиев), 100 нафар ЎИҲ жангариси, “имом Бухорий отряди”нинг 50 нафар одами ва яна “Ислом жиҳоди иттифоқи”нинг (бошлиғи Абу Юсуф, толиблар билан ҳамкорлик қилади) 50 нафар жангариси бор. Яқиндагина нисбатан тинч бўлган Балхда бугун жанглар кетяпти. Афтидан, жангарилар тез орада қўшимча мадад ҳам олади…
 
Инсонпарварлик савол остида
 
Бу йил ёзда Ўзбекистон ва Қозоғистон Суриядаги жанглар зонасидан мингга яқин аёллар ва болаларни олиб чиқди. Бу инсонпарварлик акцияси кишини қойил қолдиради, албатта. Махсус хизмат ходимлари эса баъзан бунга бошқа бурчак остидан қарайди.
 
«Портлашлар ва диверсияларни содир этиш учун халқаро террорчилик гуруҳларининг етакчилари болалар ва аёлларни тайёрлайди», – деди ФХХ директори Александр Бортников Душанбедаги МДҲга аъзо давлатларнинг хавфсизлик органлари раҳбарлари йиғилишида. Унинг сўзларига кўра, сўз инсонпарварлик акциялари доирасида ўз мамлакатига қайтарилаётган жангариларнинг оила аъзолари ҳақида бормоқда. Террорчилар диаспоралар ва ватандошлар уюшмаларининг ишончига кириб олиб, ячейкалар ташкил қилиши, ижтимоий жиҳатдан заиф ёшлар орасидан жангариларни ёллаши яхши тадқиқ қилинган. “Энди террорчилик ташкилотлари етакчиларининг ватанига қайтаётган жангариларнинг хотинлари ва болаларидан, беваларидан ўз мақсадларида фойдаланиш ниятлари маълум бўлди” – дея огоҳлантиради жаноб Бортников.
 
«Al-Ikhbariya» томонидан уч кун олдин тарқатилган “Қўшма Штатлар ҳарбийлари ИШИД жангариларининг хотинларини “курд террорчилари” (матнда шундай, мен ўзим курдларни террорчи деб ҳисобламайман) томонидан қўриқланаётган Суриянинг ал-Хол лагеридан олиб чиқиб кетаётгани” ҳақидаги хабар ҳам ФХХ раҳбарининг сўзларига тасдиқ бўлади. Телеканал берган маълумотга кўра, лагерда, шу жумладан Марказий Осиёдан чиққан жангариларнинг оилалари ҳам бўлган. Аҳоли пункти устида бироз вақт Америка вертолётлари учиб юрган, ердан ўққа тутиш йўқлигига ишонч ҳосил қилишганидан кейин эса ерга қўниб, одамларни юклай бошлаган. Ал-Хол қўриқчиларининг таъкидлашича, бу аёлларни “уйларига жўнатиб юборишади”. Шундай экан, муаммо биз томонга қараб йўл олган.

Сўзим якунида – Тошкентда ўтказилган “Замонавий ҳарбий низолар: мазмун ва сабоқлар” форуми ҳақида. Бизнинг ҳарбийларимиз “Журналистларга бир оғиз ҳам ортиқча сўз айтмаслик” каби эски совет анъанасини муқаддас деб билишади. Аммо форумдаги ноаниқ фирк-мулоҳазалардан шуни хулоса қилиш мумкин: “сабоқлар” ҳақида гапирганда  ҳимоячиларимиз биз юқорида тилга олган ҳамма вазифаларни назарда тутади…
 
Шу ерда учрашгунча,
Юрий Черногаев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.