Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши рақамларда (2022 йил мисолида)

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Ўткан 2022 йил Ўзбекистон иқтисодиёти учун жиддий синовлар даври бўлди. Бироқ, иқтисодиёт ташқи қийинчиликларга чидамлилигини кўрсатди. Бунга сабаб пандемия давридан кейинги оёққа туриш палласи бўлди.

Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга эътибор қаратилса, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2022 йилда 5,7 фоизга ўсган, аммо ўсиш суръати 2021 йилга (7,4%) нисбатан пасайган.

Ноқулай ташқи шароитлар фонида асосий савдо шериклари бўлган мамлакатлардаги вазият турлича ривожланд. Қирғизистонда 2022 йилда ЯИМ 7%га ўсган бўлса, 2021 йил охирида ўсиш 3,6%ни ташкил қилган. Қозоғистонда ўсиш суръатлари 2021 йилдаги 4,3 фоиздан 2022 йилда 3,1 фоизга пасайган. Мутахассисларнинг фикрича, Хитой ЯИМнинг ўсиш суръати ўтган йил охиригача секинлашган. Россия Федерацияси иқтисодиёти йил охирида можаро ва санкциялар фонида таназзулга учраганини кўришимиз мумкин.

Ўткан 2022 йилда Ўзбекистонда инфляция 2021 йилдаги 10%дан 12,3%гача тезлашган.

Ўзбекистонда 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи асосан 15,6% (2021 йилда – 13%) ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10,7%га (7,8%) ошди. Пуллик хизматлар нархларининг ўсиши 8,4% (7,7%) ўртача даражасида сақланиб қолди.

Йил охирида асосий капиталга инвестициялар 0,5%га қисқарган. Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан инвестициялар 15 фоиздан кўпроққа камайиш холатлари кузатилди.

Йил якунларига кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши кузатилган.

Саноатнинг ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан 5,2%гача секинлашди (2021 йилда ўсиш 8,8%ни ташкил этди). Энг катта ўсиш электр энергияси, газ таъминоти, буғ ва ҳавони тозалаш тармоғида 12,7%га қайд этилган. Саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми 5,3%га ошди. Қазиб олиш соҳасида ўсиш суръатлари 2021 йилда 10,8%дан 2022 йилда 2,1%гача пасаймоқда. Шу билан бирга, 2022 йилда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш сезиларли даражада 19,4%гача тезлашди (2021 йилда – 13,9%)

Хизмат кўрсатиш соҳаси 2022 йилда 15,9%га ошди (2021 йилда 19,5%). Барча соҳаларда ўсиш кузатилмоқда.

Қурилиш соҳасида ўсиш суръатлари амалда 2021 йилдаги 6,8%га нисбатан 6,6%га, ўтган йил даражасида қолган.

Қишлоқ хўжалигида ўсиш суръати бироз пасайиб, 3,6%га етди (2021 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 4%ни ташкил этди).

Ташқи савдо фаолияти 2022 йил охирига қадар кенгайишда давом этди. Мустақиллик тарихида биринчи марта ташқи савдо ҳажми 2021 йилга нисбатан 18,6%га ўсиб, 50 миллиард долларга етган. Шунингдек, экспорт кўрсаткичлари 2022 йилда рекорд ўрнатди, уларнинг ҳажми йил якунига кўра 15,9%га ўсиш билан 19 миллиард доллардан ошди (2021 йилда ўсиш 10,3%ни ташкил этди). Кўриб чиқилаётган даврда импорт 20,4%га ошди.

2022 йилда экспорт ҳажмининг ўсиши хорижда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришнинг 24%га, энергетика ташувчилар ва нефт маҳсулотлари 34%га, кимё маҳсулотлари 17%га, машина ва ускуналар етказиб бериш ҳажмининг 41%га ошиши билан боғлиқ. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 8,6%га ўсди ва 3,2 миллиард долларга етди. Хизматлар экспорти ҳажми эса 1,5 баробар ўсиб, 4 миллиард долларни ташкил этди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2022 йилда ҳам 2021 йилдаги каби – 4,1 миллиард доллар миқдордаги олтин экспорт қилинган.

Импортда асосий ўсиш машина ва асбоб-ускуналар таъминотининг 16%га, кимёвий маҳсулотларнинг 19%га, озиқ-овқат маҳсулотларининг 35%га, рангли металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларнинг 45%га, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларнинг 18%га, энергия ва нефт маҳсулотларининг 15%га ўсишига тўғри келди. Хизматлар импорти ҳажми 43%га ошди.

Умуман олганда, 2022 йилда кўплаб ташқи ва ички қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорликни намоён этди. 2022 йил учун прогноз қилинган ўсиш суръатларига амалда эришилди. Табиийки, шоклар ва глобал конъюнктура иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатди, бу эса иқтисодиёт тармоқларида ўсиш суръатларининг секинлашишига ва инфляциянинг тезлашишига олиб келди.

Халқаро экспертлар ва ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ташқи хатарларни ҳисобга олган ҳолда, ЯИМ ўсиши 2023 йилда 5,3%га етиши ва кейинги йилларда тезлашиши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.