Ерларни ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш соҳасида тартиб ўрнатиш бўйича чоралар қабул қилинди

Ерларни ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш соҳасида тартиб ўрнатиш бўйича чоралар қабул қилинди

Республикадаги ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалик ерларининг маҳсулдорлигини ошириш, шунингдек тармоқ фаолиятини такомиллаштириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ер ресусрлари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан мустаҳкамланди.

Мазкур ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Ер ресусрлари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.

Бу қўмитага юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, институт билан ҳамкорликда суғориладиган ерлардаги тупроқнинг ҳосилдорлигини ўрганиш ва уларнинг балл-бонитетини тупроқ таркибини ҳамда тупроқдаги барча жараёнларни ихтисослашган илмий лабораторияларда тўлиқ таҳлил қилиш асосида илмий тадқиқотларни ўтказиш йўли билан аниқлашни ташкил этиш имконини беради.

Давлат кадастрини юритиш бўйича ишларни ташкил этиш даражасини ошириш учун давлат кадастри соҳасидаги фаолиятни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига қўшимча равишда муҳандис-ер тузувчиларнинг 937 та штат бирлигини ажратиш кўзда тутилган бўлиб, улардан 92 фоизи қўмитанинг туман бўлимларига берилади.  

Қабул қилинган қарорга кўра, қўмитанинг ташкилий тузилмаси, унинг марказий аппарати тузилмаси, шунингдек Ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмаси ва чегаравий сони тасдиқланди.   

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасини янада ривожлантириш, соҳага илғор илмий-техникавий ютуқларни жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, 2017-2021 йилларда соҳага халқаро грантларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар Дастури ҳам тасдиқланди.

Қўмита ва унинг ҳудудий тузилмаларини ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш доирасида ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича туман (шаҳар) бўлимларини қўшимча хизмат автотранспорти билан, жойлардаги мутахассисларни эса замонавий ўлчов асбоблари ва хизмат хоналари билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги асосий вазифаларни бажариш ва қонунчиликка амал қилинишини устидан назоратни амалга ошириш учун қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божини тўлашдан озод этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.