Россиялик академик Лео Бокерия Хоразмда маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарсларини ўтказди

Россиялик академик Лео Бокерия Хоразмда маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарсларини ўтказди

Шу йилнинг 2 июнь куни Россия Федерациясининг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси маркази директори, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош кардиохирурги, академик Лео Бокерия юртимизга ўзининг навбатдаги ташрифини амалга оширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот хизмати хабар беради.
 
Ташриф давомида машҳур жарроҳ Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида бўлиб, ўзбекистонлик шифокорларнинг фаолияти билан яқиндан танишган ва юртимиз мутахассислари билан ҳамкорликда юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморларда жарроҳлик муолажаларини ҳам ўтказган.
 
Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида бўлганда,  Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида бўлиб, шифохона негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Жаҳонга машҳур жарроҳнинг мамлакатимизга ташрифи ҳам шу муносабат билан амалга оширилди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.
 
Айтиш жоизки, ушбу филиал минтақавий шифохона мақомини олгач, бу кўрсаткич 3-4 баробар ошиши кутилмоқда. Шифохонани замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари ҳозирданоқ бошлаб юборилган. Яқинда бу ерда ангиография тиббиёт ускунаси ўрнатилди. Ушбу замонавий аппарат юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш имконини беради. Бу билан кардиожарроҳликда энг мураккаб амалиёт ҳисобланадиган қон томирларини стентлаш жарроҳлик амалиёти, аорта коронар шунтлаш амалиёти ўтказиш учун зарур шароитлар яратилди.
 
Шу вақтгача филиалда вазни 10 килограммдан кам бўлган чақалоқларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилмаган. Ваҳоланки, бундай оғир хасталикка чалинган болалар қанча эрта даволанса, касалликни асоратсиз бартараф этиш шунчалик самарали бўлади. Жаҳонга машҳур илмий-амалий марказ филиалининг Хоразмда иш бошлаши хорижлик ҳамкасблар билан бирга шу ернинг ўзида бир ёшгача бўлган болаларда ҳам мураккаб юрак жарроҳлигини амалга ошириш имкониятини беради. 
 
Хабарда айтилишича, академик Лео Бокериянинг юртимизга ташрифи давомида мамлакатимиз кардиожарроҳлари учун маҳорат дарслари ва кардиожарроҳликнинг долзарб масалаларига бағишланган суҳбатлар ҳам ташкил этилган. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.