Шавкат Мирзиёев меҳнат таътилидан кейинги биринчи йиғилишни ўтказди

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар экспортчиларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди.

12 август куни тармоқлар ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ундан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламларини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилади.

Йиғилишда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортчиларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди.

– Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулотлар чиқариш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев. 

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорга мувофиқ 2019-2021 йилларда умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 45 та агрологистика комплекси, қайта ишлаш бўйича 205 та янги қувват, 36 минг гектар интенсив боғ ташкил этиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев 2021 йилда мева-сабзавот экспортини 2 баробар оширишга топшириқ берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.