Кечки Анҳор: 18 октябрь янгиликлари
Қозоғистон билан чегарадаги «Б. Конисбаев» ўтказиш пункти 1 ноябрдан реконструкция ишлари учун ёпилади. У 2020 йилнинг иккинчи ярмигача давом этади. Ушбу ўтказиш пунктида доим юк машиналари тирбандлиги юз бериб туради.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида Lacetti ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини уриб кетди. Ходим тан жароҳатларини олган ва касалхонага ётқизилган. 25 ёшли Анвар Р. чорраҳада ҳаракатни тартибга солаётган ЙПХ ходимини уриб кетган.
Қобил Дусов “Миллий тикланиш” партияси аъзолигидан чиқарилади. Бу ҳақда партиянинг 1 ноябрда бўлиб ўтадиган съездида эълон қилинади. Бунга унинг ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтлардаги чиқишларида партия Уставига риоя этмаганлиги, шунингдек партия обрўсига путур етказувчи ахборотларни тарқатгани, партия имижини оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатлари сабабчи бўлган.
Қорақалпоғистондаги Жаслиқ ёпиқ қамоқхонасида умрбод қамалганлар учун янги хибсхона қурилади. Бу ҳақда Sputnik нашри ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсовга таянган ҳолда хабар беради.
Ўзбекистон Президенти АЭС учун мутахассислар тайёрлаш стратегиясини тасдиқлади. Унга мувофиқ ядро энергетикаси дастури учун кадрлар тайёрлашга давлат буюртмаси шакллантирилади. Бунинг учун ушбу кадрларга бўлган эҳтиёж белгиланади, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадларида мутахассисликлар рўйхати шакллантирилади.
Шарҳлар