Кечки Анҳор: 4 ноябрь янгиликлари

Кечки Анҳор: 4 ноябрь янгиликлари

Самарқанд шаҳрининг Боёвут кўчасида жойлашган уйда бир фуқаро ис газидан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмган. Унинг рафиқаси эса касалхонага ётқизилган. Маълум бўлишича, сув иситиш учун мўлжалланган газ колонкасидан ис гази чиққан. Ушбу воқеа бўйича терговгача текшириш ишлари олиб борилмоқда.
 
Ўзбекистон Президенти “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунни имзолади. У 2020 йил 2 февралдан кучга киради. Қонунга кўра мамлакат ҳудудида Марказий банк берадиган лицензиясиз тўлов хизматларини кўрсатиш тақиқланади. Ушбу талаб тўлов агентлари ва тўлов субагентларига тааллуқли бўлмайди. Тўлов тизимларини тартибга солиш ишлари Марказий банк томонидан амалга оширилади.
 
Тошкентдаги Ботаника боғида “тревога тугмачалари” ва камералар пайдо бўлади. Бу маиший чиқиндиларни ташлаш билан боғлиқ вазиятни яхшилашга ёрдам беради. “Тревога тугмачаси” ташриф буюрувчиларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг эътиборига молик вазият юзага келган тақдирда бу ҳақда бевосита тезкор хабар бериш имконини беради. Уларнинг конкрет ўрнатилиш муддати маълум қилинмаган.
 
Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова тўйлар ва тантаналар учун стандарт сценарийлар ишлаб чиқишни таклиф этди. “Тўйни қандай бошлаш ва ўтказиш кераклигини аниқ кўрсатиш зарур. Асосий муаммо нима? Биринчидан, тарихни ва миллий қадриятларимизни асраш. Иккинчидан замон билан ҳамнафас бўлиш. Артистларни таклиф қилганда нималарга эътибор қаратиш лозим? Масалан, Президент тўйларда мақом айтишларини таклиф қилганди. Шу билан бирга, олимларни жалб қилиш ва тўй анъаналари ҳақида тадқиқотлар ўтказиш, чиройли тўйни қандай ўтказиш мумкинлигини кўрсатиш зарур», – дейди у.
 
Қозоғистоннинг Манғистау областида юз берган ЙТҲда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, ҳайдовчи ва беш нафар йўловчи енгил тан жароҳатлари олган. ЙТҲ 2 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:20 да Тажен-Бейнеу автомобиль трассасида юз берган. Бейнеу район ИИБ воқеа бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.