Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Шу йил 17-19 август кунлари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) президенти Ким Ёнг Мок Ўзбекистон Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати маълумотига таяниб UzDaily.uz хабар беради, деб ёзади “Дарё” нашри.

Ташриф чоғида Корея томонидан Ўзбекистонга беғараз ёрдам кўрсатилишининг асосий йўналишлари муҳокама қилинади. Шунингдек, KOICA президенти икки давлат ҳамкорлигида амалга оширилаётган ва оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни кўриб чиқиб, айни дамда лойиҳалар олиб борилаётган ҳудудларга ташриф буюради.

Бундан ташқари, Ким жаноблари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосари ҳузурига, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ташриф буюради. KOICA президенти волонтёрлар билан Тошкент вилояти Дўстлик ва Бўстонлиқ туманларининг қишлоқ ҳудудларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Семаул Ундонг» («Янги қишлоқ ҳаракати») дастурини ишга тушириш маросимида ҳам қатнашишни режалаштирмоқда.

Қайд этиб ўтамиз, ҳозирда KOICA агентлиги томонидан Ўзбекистонда бу йил учун умумий қиймати 9,2 миллион долларга тенг бўлган саккизта лойиҳа ва бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.