Президент Ислом Каримов “Минор” масжидига ташриф буюрди

Президент Ислом Каримов “Минор” масжидига ташриф буюрди

Муқаддас Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Минор” масжидига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари муҳташам мажмуани ва унинг атрофида олиб борилган кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди. Муқаддас динимизга мувофиқ масжидда Қуръони каримдан тиловат қилинди. 

Ислом Каримов масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик услубида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшларни кўздан кечириб, қўли гул усталарнинг меҳнатига муносиб баҳо берди. 

Ушбу дину диёнат маскани ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши, бу ерга тоат-ибодат ниятида келадиган мўмин-мусулмонлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш бўйича қурувчи ва мутахассисларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди, дея хабар беради ЎзА. 

Бундан олдин Ўзбекистон Президенти шу йилнинг 18 июль куни бу ерда бўлиб, қурилиш ишлари билан танишган эди. Ислом Каримов моҳир қурувчи, муҳандис ва усталарнинг фаолияти билан танишар экан, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр билдириб, мажмуани янада такомиллаштириш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берган эди. 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.