Халқ таълими вазирлиги USAID билан ҳамкорликда мактаб дарсликлари учун стандартларни ишлаб чиқади

Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Ўзбекистон мактаблари учун дарсликлар ҳажми ва мазмунининг кетма-кетлигини тавсифловчи ҳужжатларни ишлаб чиқмоқда. Стандартларга асосланган ҳар бир таълим босқичи учун ўқув дастурлари батафсил йўл хариталаридан иборат бўлиб, уларда дарсликларда ва ўқитувчилар учун қўлланмада дарсдан-дарсга нималар кўриб чиқилиши кераклиги конкрет белгиланган. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.

Бундай батафсил ҳужжатлар Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқилмоқда. Улар туфайли халқаро стандартларга мувофиқ келадиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тизимли равишда ва изчил ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлади. Сифатли ўқув материаллари ўқувчиларга танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам беради.

16-18 март кунлари Ўзбекистон ва АҚШдан таълим соҳасининг 80 нафар мутахассиси ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича обзорли семинарда қатнашди. Тадбир ХТВ томонидан USAID нинг “Ўзбекистонда таълим соҳасини такомиллаштириш дастури” билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Вазирлик ходимларини ўзбек тили ва математика (1-4 синфлар), ахборот ва коммуникация технологиялари (5-11 синфлар)  бўйича ўқув дастурлари лойиҳаларининг сифатини муҳокама қилишда қатнашишга тайёрлаш семинар мақсадига айланди. Инглиз тили бўйича ўқув дастурлари 2022 йилда ишлаб чиқарилади.
 
«Авваллари вазирликнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятида дарсликлар ҳажми ва кетма-кетлиги бўйича батафсил ҳужжатлар мавжуд эмасди, шу боис ушбу лойиҳа мазкур ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам, баҳолашда ҳам ўзбекистонлик экспертларнинг ички салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради», – дейди Республика таълим марказининг директори Шуҳрат Сатторов.

ХТВни унинг ислоҳотлар дастурини амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йил декабрь ойида USAID тўрт йиллик “Ўзбекистонда таълим соҳасини такомиллаштириш дастури” ташаббусини илгари сурди. Ушбу дастур RTI International томонидан Флорида Давлат университети ва Миссисипи Давлат университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Бош саҳифадаги фотосурат: Халқ таълими вазирлиги

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.