“Ҳудудгаз Андижон”: вилоятда газ таъминотидаги узилишлар газ етказиб бериш тўхтатилиши билан боғлиқ

Айни пайтда Андижон вилоятида газ таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилмоқда. «Ҳудудгаз Андижон» компаниясининг таъкидлашича, бунга Муборак газни қайта ишлаш заводидан газ етказиб бериш деярли тўхтатилганлиги сабаб бўлган, деб ёзади Gazeta.uz.

«Муборакнефтегаз» нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг бешта конида электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзага келиши натижасида, Муборак газни қайта ишлаш заводидан газ таъминоти деярли тўлиқ тўхтатилади. Шу сабабли, газ қувурларининг жанубий тизими орқали газ ташишнинг кескин пасайиши, жумладан, Фарғона водийсига келтирувчи газ тармоқлари ҳамда магистрал қувурларида босим пасайиши кузатилмоқда», – дейилади хабарда.

Бунинг оқибатида Андижон вилояти ҳудудида вақтинчалик газ таъминотида узилишлар юзага келмоқда. «Худудгаз Андижон» тасарруфидаги барча шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларига магистрал газ қувурлари орқали етказиб берилаётган табиий газни биринчи навбатда аҳоли, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига йўналтирилиши маълум қилинди.

Шунингдек, табиий газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш бўйича ишлар ташкил этилди ва кучайтирилган ишчи гуруҳларнинг шайлиги таъминланди, – дейилади хабарда.

Аввалроқ андижонликлар газ йўқлиги сабабли йўлни тўсиб қўйганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.