Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари қимматбаҳо хизмат автомобиллари харид қилиниши борасида фикр билдирди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари қимматбаҳо хизмат автомобиллари харид қилиниши борасида фикр билдирди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ҳокимларнинг хизмат автомобиллари олишига муносабат билдирди, деб ёзади UzNews нашри. 

«Афсуски, айрим мансабдор шахслар бугунги пандемия шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаяптилар. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган – қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш – бунга яққол мисол бўла олади», – деб ёзади агентлик раҳбари. 

Бундан олдин биз Сурхондарё вилоятида амалдорлар қарийб 3 млрд сўмлик бир нечта автомобилни харид қилгани ҳақида ёзгандик. Бу амалдорлар қимматбаҳо автомобиллар харид қилган биринчи ҳолат эмас. Масалан, Наманган вилоят маъмурияти шу йил июль ойида 1 млрд 579 млн сўмга Toyota LC200 автомобилини ва сентябрда 400 млн сўмга Trailblazer LTZ AT автомобилини харид қилган. Шунингдек Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси давлат харидлари доирасида 1,5 млрд сўмга Chevrolet Tahoe, иккита Malibu ва Lacetti сотиб олган бўлса, Маданият вазирлиги иккита Chevrolet Malibu 2 автомобилини энг қиммат конфигурациясида сотиб олган.

Акмал Бурхоновнинг сўзларига кўра, бундай ҳолларда давлат хизматчиларига “Ҳалоллик вакцинаси”ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти.  
 
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда, – дейди у.
 
Лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.
 
Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн. 600 минг сўм)дан  ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн 100 минг сўм)дан  ошмаслиги керак бўлади. 
 
Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари “E-IJRO AUKSION” орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади.
 
Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика бюджетига ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.
 
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг теxник ҳолати, ундан фойдаланиш xавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.
 
Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобил дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади. 

«Ўйлайманки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кун учун жуда долзарб масалага айланган — бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, унинг устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади», – дея қайд этади Агентлик раҳбари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.