ОАВ: Отабек Умаров йўл-транспорт ҳодисасидан кейин даволанмоқда

4 ва 5 март кунлари «Korrespondent» нашридан сўнг, қатор онлайн ОАВлар ва блогерлар Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров Жанубий Кореяда даволанаётгани ҳақида хабар бермоқда. Хабарда айтилишича, у 13 февраль куни кечқурун «Пушкин» метро бекати яқинидаги Мустақиллик шоҳ кўчасида мотоциклда ЙТҲга учраб, жароҳат олган, деб ёзади “Газета” нашри.
 
Нашрнинг қайд этишича, ЙТҲ ҳақида маълум бўлган, бироқ таҳририятнинг президент маъмурияти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент ИИБга юборган сўровлари жавобсиз қолган. Ҳодиса ҳақида ҳозирча расмий хабарлар берилмаган.
 
Расмий маълумотларнинг мавжуд эмаслиги фонида, воқеа содир бўлганида жароҳат олган Epica автомобили ҳайдовчисининг ўлими ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўзини ушбу автомобиль ҳайдовчиси деб таништирган Бобур Маматов «Korrespondent»га берган интервьюсида ушбу маълумотни рад этди. Шунингдек, у ўзи мотоцикл ҳайдовчисини касалхонага олиб борганини айтиб, ўша пайтда у ким эканлигини билмаганлигини таъкидлади.

Қайд этиб ўтамиз, Мустақиллик шоҳ кўчасида мотоциклларнинг ҳаракати тақиқланган.

Жума куни, депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида, «истаймизми йўқми ҳар қандай ахборот текширилиши билан ўз ҳаққоний қийматига эга», деб ёзган. Депутат: «Бирор расмий идоранинг маълумоти эълон қилинмагунча турли тахмин ва фикрларни асос ёхуд юридик факт сифатида қабул қилиб бўлмайди», — дея таъкидлаб, Отабек Умаровга соғлиқ тилаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.