ССП шаҳарда реклама конструкцияларининг оммавий демонтаж қилиниши бўйича Тошкент ҳокимлиги ва Бош прокуратурага мурожаат қилди
Савдо саноат палатаси (ССП) реклама объектларини демонтаж қилишга асос бўлган ҳуқуқий ҳужжатни ва шунга оид бошқа маълумотларни олиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига сўров юборди, дейилади палата сайтида.
Аввалроқ биз Тошкент шаҳар ҳокимлиги таҳририятнинг ушбу масала бўйича сўровини жавобсиз қолдиргани ҳақида ёзгандик.
19 апрель куни ССПга Реклама индустрияси миллий ассоциациясининг тадбиркорлик субъектларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент шаҳридаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари) номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.
«Ҳозирда Палатага аъзо бўлган 2 та тадбиркордан ушбу масала юзасидан келиб тушган мурожаатлар асосида судларга даъво аризалар киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда».
Палатадагиларнинг қайд этишича, юқорида келтирилган ҳолатлардан жабр кўрган тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризалар киритиш юзасидан Савдо-саноат палатасига мурожаат қилишлари мумкин.
Аввалроқ биз конструкцияларни демонтаж қилиш ишлари 9 апрелдан буён давом этаётгани ҳақида ёзгандик. Тадбиркорлардан бирининг сўзларига кўра, реклама конструкциялари индустрияси 25 та конструкция демонтаж қилинишидан кунига қарийб 100 млн сўм йўқотмоқда.
Шарҳлар