Ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримованинг фарзандлари – Ислом ва Иман Каримоваларнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга хати тарқалди.
Хатда, хусусан, Гулнора Каримова гўёки Ucell компаниясининг акцияларига эгалик қилиши ва “айни пайтда компанияни давлат эмас, балки бошқа мулкдорлар муваффақиятли бошқараётгани” таъкидланади. Бу сўзлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди, дейишмоқда Ucell компаниясидагилар.

««COSCOM» МЧЖ («Ucell» савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи мобил алоқа оператори) –  100% давлат компанияси ҳисобланади», - дейилади хабарда.

Компаниянинг қайд этишича, 2018 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, жумладан Швеция ҳукумати ҳам эгалик қилувчи Telia гуруҳидан COSCOM компаниясининг устав капиталидан 100% улушни 215 млн АҚШ долларига ва Telia гуруҳининг COSCOMга қарз талабларини қарийб  485 млн АҚШ долларига сотиб олган. Битимни амалга оширишда бир нечта давлатнинг ваколатли органлари томонидан Гулнора Каримованинг компания акцияларига эгалик қилиши йўқлигини аниқлаган.

«Шундай қилиб, 2018 йил декабрида Ўзбекистон Республикаси ўзининг ваколатли агентлиги шахсида COSCOM компаниясини Telia компаниялар гуруҳидан сотиб олган ва, энг асосийси, унга эгалик қилишда ва уни бошқаришда давом этиб келмоқда. COSCOM компаниясини харид қилиш бўйича битим бир нечта давлатнинг барча зарур юридик, молиявий ва регуляцион талабларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилган», - дейилади Ucell компаниясининг баёнотида.