Ўзбекистонда коронавирус бўйича аҳвол ҳақида мамлакатнинг бош санитария инспектори баёнот берди

Ўзбекистонда коронавирус бўйича аҳвол ҳақида мамлакатнинг бош санитария инспектори баёнот берди

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 624 нафарни ташкил қилди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 98 беморнинг 25 нафарида пневмония белгилари кузатилмоқда, 9 нафарининг эса аҳволи оғир.

“Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 110 нафар бемордан 5 нафарининг аҳволи оғир”, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда 86 мингдан кўпроқ фуқаро карантинда бўлиб, бир кунда 8 200 дан кўпроқ лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда.
“Баъзи юртдошларимизда ҳамон карантин тадбирлари ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Боиси, карантин муддати тугар-тугамас шу бўйича қайта-қайта мурожаатлар бўляпти. Бир нарсани аниқ билиб олишимиз керак: карантин 14 кунга белгиланади. Ушбу вақт мобайнида карантиндаги одамлар орасида касаллик чиқмасагина карантин ечилади. Агар 14 кун давомида касаллик пайдо бўладиган бўлса, карантин яна 14 кунга чўзилади. Карантин муддати узайтирилаётган бўлса, бунинг учун ортиқча таажжубланишга ҳожат йўқ. Бу сиз ва яқинларингиз саломатлиги йўлида қилинаётган ҳаракатдир”, – дея огоҳлантиради давлат санитария инспектори.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.