“Амирсой” курорти ҳудудидаги 700 туп дарахт кесилишидан кўрилган зарар 329,8 миллион сўмни ташкил этди

Фото: Расул Кушербаев

“Амирсой” курорти ҳудудида 700 туп дарахт кесилгани бўйича дастлабки тергов ниҳоясига етгач, жиноят иши Бўстонлиқ тумани Жиноят ишлари бўйича судига юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура таҳририят сўровига жавобан Anhor.uz нашрига маълум қилади.

Бош прокуратура маълумотларига кра, 2022 йил 17 январда суд айбланувчи Х.Р.га нисбатан ҳукм чиқарган. Жиноят кодексининг 198-моддасида кўзда тутилган жиноят (экинлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлаш ёки йўқ қилиш)  содир этилган. Тафсилотлар ошкор этилмаган.

329,8 миллион сўм миқдорида қопланган зарар Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг ҳисоб-китоб ҳисоб рақамига ўтказилган.

Аввалроқ 125 туп дарахт кесилиши натижасида табиатга етказилган зарар 141 миллион сўмга баҳолангани хабар қилинганди. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган тартиб асосида бу миқдор 5 баробарга оширилиб, 705 миллион сўмга етди. Кесиш фактини яшириш мақсадида яна 575 та дарахт буткул кавлаб ташланган. Етказилган зарар 253 миллион сўмни ташкил этган, бу эса беш баробарга ҳисоблаганда 1 миллиард 260 миллион сўмдан ошади. Шундай қилиб, 700 туп дарахтнинг ноқонуний кесилишидан кўрилган умумий зарар 1 миллиард 970 миллион сўмни ташкил қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.