Бишкек милицияси Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 16 нафар фаолни ҳибсга олди
Бишкекда Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасининг 16 нафар аъзоси ҳибсга олинди, улар сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқмоқда, деб ёзади “Медиазона” Kaktus.media нашрига таянган ҳолда.
Нашрнинг ёзишича, Олий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронқулова, Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ)нинг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаев, собиқ депутат Асия Сасиқбоева, Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ва ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова ҳибсга олинган.
Мухолифотчилар Бишкек ички ишлар бош бошқармаси, Ички ишлар вазирлигининг Бош тергов бошқармаси (БТБ) ва туман милиция бўлинмаларига олиб кетилган. Ички ишлар вазирлиги сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоларига нисбатан оммавий тартибсизликларни тайёрлаш ҳақида иш қўзғатилгани ҳақида хабар беради. Мазкур ҳолат юзасидан Норин, Чуй ИИБ, Бишкек ИИББ ва ИИВ БТБнинг 36 нафар терговчиси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Собиқ депутат Равшан Жеенбеков Бишкекдаги вақтинчалик ҳибсхонага 48 соатга жойлаштирилган. “Мени яна ҳибсга олишди. Мен бундан қўрқмайман. Кампирободни ҳеч кимга бермаслигимиз керак”, – деб ёзади сиёсатчи.
23 октябрь куни эрталаб Бишкек милиционерлари Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоларининг уйига тинтувлар билан келган. Адвокат Чинара Жакупбекованинг 24.kg агентлигига айтишича, милиция, тергов гуруҳи раҳбарининг қарорини тақдим этган ҳолда, Олий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронқулованинг уйида суд қарорисиз тинтув ўтказган.
“Ҳужжатда жиноятга – талончилик, ўт қўйиш, мулкни йўқ қилиш, ўқотар қуроллар, портловчи моддалар ёки портловчи мосламаларни қўллаш билан кечадиган оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани айтилади. Ҳеч ким бошқа ҳужжатларни тақдим этмади”, – дейди адвокат.
22 октябрь куни мухолифотчилар ва фаоллар Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасини тузгани маълум бўлди. Бирлашма Ўзган шаҳрида бўлиб ўтган қурултой чоғида шакллантирилиб, унда маҳаллий фуқаролар ва сиёсатчилар сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишган.
Қирғизистон ҳукумати 10 октябрь куни Ўш вилоятидаги Кампиробод сув омборини чегараларни делимитация қилиш бўйича келишув доирасида Ўзбекистонга ўтказишга қарор қилганди. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, келишувга кўра, Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон эса 19699 гектар ер олганини маълум қилди. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, низоли қишлоқлар Қирғизистонга, Кампиробод сув омбори эса Ўзбекистонга ўтган.
Кампиробод сув омбори 1983 йилда ўша пайтдаги Қирғизистон Республикаси ҳудудида қурилган. Ўшандан бери унинг ҳудудий мансублиги тўғрисида тортишувлар мавжуд. Ўзбекистон сув омборини Андижонники деб атамоқда, чунки Фарғона канали ушбу сув омборидан бошланади.
Шарҳлар