БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича қўшма дастури ногиронлиги бор шахсларнинг ташкилотларини қўллаб-қувватлашга 54 минг доллар ажратди
Кўпинча ногиронларга озчилик сифатида, ногиронлиги бўлмаганларга алоқаси йўқ, алоҳида дунё сифатида қарашади. Ногиронлик одамларни ижтимоий-иқтисодий ноқулайликларга, ҳамда соғлиғига ва бошқа хавф-хатарларга мойил қилади, дея қайд этади БМТТД.
COVID-19 пандемияси ногиронлар ташкилотларининг заифлигини оширди. Масалан, ижтимоий тадбирларни амалга ошириш учун барқарор ва етарли маблағнинг йўқлиги ногиронлиги бор шахслар муҳим ёрдам ола олмаслигини англатади.
Ушбу камчиликни тўлдириш учун БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича қўшма дастури ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларини кичик грантлар орқали қўллаб-қувватлади. БМТТД қўшма дастурни ижрочи агентлигиги бўлиб, 40 га яқин ариза қабул қилди. БМТ томонидан ажратилган 54 000 АҚШ долларидан ортиқ маблағи ногиронлиги бор инсонлар жамият ҳаётининг турли жабҳаларига интеграциясини таъминлайдиган хизматлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, COVID-19 муносабати билан ногиронлиги бор аёллар ва ёшлар ижтимоий ҳимоясида инновацион ёндашувларни жорий этишга йўналтирилди.
Ногиронлиги бор шахслар ташкилотлари ва ННТ қуйидаги натижаларга эришди:
– Республика болалар ижтимоий мослашув марказида ногиронлиги бор болаларни реабилитация фаолият юритишга имкон берадиган Биринчи инклюзив болалар ижодиёти устахонаси очилди.
– Биринчи инклюзив ишга ёллаш wеб-портали (www. ishplus.uz) Тошкент шаҳридаги “SHAROIT PLUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан ногиронлар учун ишга туширилди. Порталда 470 та фойдаланувчи бўлиб, 393 та бўш иш ўринлари, 12 та ўқув курслари мавжуд. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида 30 та ногиронлиги бор шахс иш билан таъминланди.
– Қибрай тумани “Опа-сингиллар” ногирон аёллар жамияти томонидан 15 нафар ногирон ёшлар гуруҳи психология, ҳуқуқ асослари, қандолатчилик, ўйинчоқлар ясаш ва маникюр йўналишлари бўйича ўқитилди.
– “Замин” Халқаро жамоат фонди томонидан эшитиш қобилияти заиф болалар ҳақида 7 та ижтимоий-маърифий видео роликлар яратилиб, республика телеканаллари, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар ҳамжамиятида намойиш этилди. Мақсад – УЛАР БИЗ деган тушунчани барқарорлаштириш.
– Маҳалла вакиллари ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги мулоқотни осонлаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “MILLENNIUM” ёшлар ижтимоий-ҳуқуқий реабилитация маркази ва Ногиронлиги бўлган ёшлар ва болаларга кўмаклашиш маркази мобил иловалар ишлаб чиқишди.
– “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларидан 524 нафар ногиронлиги бўлган ҳунарманд ва 240 нафар ногиронлиги бор кўнгилли, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ходимлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан, 20 нафар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бор ёшлар бухгалтерия ҳисоби ва компютер саводхонлигига “Инклюзив жамият” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан, 94 ногиронлиги бўлган (50 аёл, 44 эркак) онлайн вебинарлар орқали Россия олий ўқув юртлари Ўзбекистон битирувчилари уюшмаси томонидан компьютер саводхонлигига ўқитилди.
– Ўзбекистон ижодкор ёшлар Республика кенгаши томонидан ногиронлиги бор ёшларнинг шеърий тўплами нашр этилди.
Жами, грант олувчи ташкилотлар томонидан 609 ногиронлиги бўлган ёшлар ва аёллар, шунингдек, уларнинг ота-оналари учун 4400 га яқин соат ўқув машғулотлари ўтказилди. Асосий мақсад ногиронлиги бор шахсларни муносиб билим, ҳамда иш билан таъминлашга кўмаклашиш ва уларнинг малакасини оширишдан иборат бўлди.
Қибрай туман “Опа-Сингиллар” ногиронлиги бор аёллар жамияти раиси Наталья Плотникова шундай дейди: “Бизнинг ташаббусимиз асосий мақсаддан ташқари, қўшимча вазифага эга эди – ногиронлиги бор ёшларни уйдан олиб чиқиб, тенгдошлари билан таништириш, уларнинг ижтимоийлашуви билан ҳаёти янада қизиқарли бўлади. Шунингдек, биз потентсиал раҳбарларни кузатиб борамиз, уларнинг етакчилик қобилиятлари ташкилотга ҳисса қўшиши ва келажакда жамиятимизга ёрдам бериши мумкин”.
Шарҳлар