Депутат: Газ ва нефть бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак

Фото: Законодательная палата

Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига Парламент ҳам масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг раҳбари Бобур Бекмуродов ана шундай фикрни билдирди.

«Парламент бу борада масъулият юкини олиши лозим. Газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак. Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига Парламент ҳам масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Буни қонунчилик билан белгилаш зарур», — деб ёзади Бобур Бекмуродов.

Шунингдек у “Озодлик”нинг “Ўзбекистонликларни газсиз қолдирган махфий келишувлар” сарлавҳали суриштирувига ҳам изоҳ беради, унда нефть ва газ конлари хориж компанияларига махфий ҳужжатлар асосида ўтказилгани ва мамлакат энергетика соҳасидаги ношаффоф битимлар ҳақида хабар берилган. Унинг фикрича, материал “суриштирув манипулятив ва провокацион характерга эга”.

«Ўзбекистон сиёсати мустақил ва миллий манфаатлар асосида олиб борилмоқда.. Бу рўй бераётган глобал сиёсий жараёнларга мамлакатимиз ёндашувларида ҳам яққол кўринмоқда. Дунёнинг нуфузли сиёсий лидерлари ҳам мамлакатимизнинг айнан мустақил ички ва ташқи сиёсатини эътироф этмоқда», — дейди у.

Шунингдек, депутат 2022 йил декабрида президент Шавкат Мирзиёев газ қазиб олиш учун берилган барча лицензияларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини эълон қилганини эслатади.

Бобур Бекмуродовнинг фикрича, “жамоатчилик расмий идораларга саволларни қўйиши тўғри, аммо ахборот ҳуружлари вибрациясига тушмаслиги лозим”.

«Ўзбекистонда бошланган демократик ислоҳотлар, иқтисодиёт модернизацияси курси изчил давом этиши, манипуляцияларга жамият иммунитети шаклланиши объектив заруратдир», — дея қайд этади у.

Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов 12 февраль куни журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон 35 йил давомида барча нефть ва газ конларини Россияга ўтказиб бергани ҳақидаги маълумотни рад этган эди. “Ишлаётган конларнинг асосий қисми «Ўзбекнефтгаз»га тегишли”, – деди у.

Энергетика вазирлигининг раҳбари, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг маълум қилишича, маҳсулот бўлиш тўғрисидаги битимларни (МББ) парламент орқали тасдиқлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритилган. Уларнинг фикрича, бу амалиёт Озарбайжонда қўлланилади. Бундан ташқари, фойдаланилаётган  конларни бошқа компанияларга беришни тақиқлаш режалаштирилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.