Депутат мактабларда ўқув қуроллари етишмаслигидан шикоят қилди

Источник: Законодательная палата

Ўзбекистондаги мактабларнинг атиги 3 фоизида ўқув ҳарбий қуроллари мавжуд. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 1 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, депутат, Ўзбекистон халқ шоири Иқболжон Мирзаалиев (Иқбол Мирзо) маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзади.

Йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг мактабларда чақирувгача бўлган дастлабки тайёргарлик ва ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича депутатлик сўровига муносабати муҳокама қилинди. Иқболжон Мирзаалиевнинг айтишича, авваллари Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоат бирлашмаси ўрганиб, мактабларда бу борадаги ишларни кўп танқид қилиб келган.

Унинг фикрича, мамлакат мудофааси мактаблардаги таълим билан боғлиқ.

«5−6 йил илгари мактабларимиздаги шароитлар жуда ёмон эди. Лекин ҳали ҳам жуда кескин яхшилангани йўқ. Айниқса мутахассис ўқитувчилар етишмасди. Ўқитувчиларга ойлик масаласида муаммолар бор эди. Ҳарбий хизматдан бўшаган юқори тоифали офицерларни дарс жараёнига жалб қилиш жуда ҳам тўғри ечим бўлди. Чунки ҳарбий тажрибаси бор одамларнинг бевосита ўқувчилар билан мулоқотлари, дарслари бошқачароқ таъсир кўрсатади», — деди у.

Депутатнинг айтишича, мамлакатдаги мактабларнинг атиги 3 фоизида ўқув ҳарбий қуроллари ва ўқ отиш тирлари мавжуд.

«Мана шу шароитда қўлига қурол ушлаб кўрмаган болада қандай қилиб ватанпарварлик туйғуси пайдо бўлади. Биз ўқиган пайтларда ҳамма мактабларда камида ўнтадан АКМ автоматлари бўларди ва буни қўлимизда ушлаб, завқини туйганмиз. Тўғри, кейинги пайтларда баъзи бир мулоҳазалар билан бу қуроллар йиғиштириб олинди. Лекин мана шу масалада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳатто баъзи бир мактабларимизда ҳалигача ҳарбий саф майдонлари ҳам йўқ. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, бу масалага жиддий қараб, назоратини йўлга қўйиш керак», — дейди Иқболжон Мирзаалиев.

У Амир Темурга тегишли эканини айтган «Тинчлик истасанг, урушга тайёрлан» иқтибосини келтирди. Очиқ маълумотларга кўра, «Si vis pacem, para bellum» иборасининг матни Рим тарихчиси Корнелиус Иепосга (милоддан аввалги 94−24) тегишли. Қадимги даврларда бу ибора афоризм бўлиб қолди. Кейинчалик ибора Рим ҳарбий ёзувчиси Вегеций томонидан бир оз ўзгартирилган ҳолда такрорланган.

«Темур бобомизнинг: „Агар тинчликни истасанг, урушга тайёр тур“, деган машҳур гаплари бор. Собиқ шўро ҳудудида бўлаётган воқеалар, қисман мобилизация эълон қилингач ватанини ташлаб кетаётган юз минглаб одамлар, йигитлар бугунги масаланинг жиддий эканини кўрсатяпти», — дея таъкидлаган депутат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.