Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж зиёратига юбориш турфирмалар ваколатига кирмаслигини билдирмоқда

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси фуқароларнинг Саудия Арабистонига ҳаж зиёратини ташкил этаётган сайёҳлик компаниялари ва агентликлар ҳақида огоҳлантирди. Сайёҳлик агентликларининг ҳаж зиёратини ташкил этишга уринишлари қонунбузарлик ҳисобланади.

Қўмитанинг қайд этишича, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг зиммасига юкланган.

Мазкур ташкилотларга Саудия Арабистонидаги тегишли вазирликлар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи муассасалар, меҳмонхоналар, транспорт ва озиқ-овқат корхоналари билан шартномалар тузиш ваколати берилган.

Шу боис “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишларини ташкил этиш Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади.

«Саудия Арабистони ҳудудида ҳаж тартибларини бузиш эса ушбу мамлакат қонунчилиги асосида чора кўрилишига олиб келади. Шу боис, ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди», — дея қайд этади қўмита.

Шунингдек, муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депортация қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинишига олиб келади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.