Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Фото: @Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Қ.М. Олтинкўл тумани, “Қўштепа” МФЙ ҳудудидаги 144 метр кв.  захирадаги ер майдонини фуқаро М.З.га юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳужжатларни расмийлаштириб бериши орқали сотишга келишиб, эвазига 38 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу каби, Департамент ҳамда ИИВнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.К. бошқа бир фуқаро Р.Э.нинг ишончига кириб, унга онаси О.Т.га ҳадя шартномаси асосидан тегишли бўлган 14 сотих ер майдони ва 37 сотих захирадаги ер майдонини 35 700 АҚШ долларига сотишини айтиб, олдиндан 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: @Department_uz

“Департамент ҳамда ИИВнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Ш. Сирдарё шаҳар “Дўстлик” МФЙ ҳудудидан бошқа бир фуқарога боғ барпо этиш учун ажратилган 12 сотих ер майдонининг 6 сотихини фуқаро Х.га уй-жой қуриш учун сотишга келишиб, 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”, – дейилади хабарда.

Худди шундай, Департамент ҳамда ИИБнинг Пискент тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро К.Ж. “Б.” боғдорчилик ва узумчилик ширкатига қарашли 18 сотих ер майдонини фуқаро Р.А.га 10 000 АҚШ доллари эвазига расмийлаштириб олиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.