ЕТТБ Ўзбекистоннинг энергетика тармоғини мустаҳкамлаш учун $47,1 миқдорида кредит ажратди

Источник: ЕБРР

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” (ЎМЭТ) давлат акциядорлик жамиятига янги маблағлар ажратиш орқали Ўзбекистонда янада ишончли ва мустаҳкам электр узатиш тармоқларини қуришга ёрдам бермоқда. 47,1 миллион долларгача бўлган суверен кредит банк мижози ҳисобланган ЎМЭТ компаниясига Хоразм ва Бухоро вилоятларининг Саримай ва Жанкелди қишлоқлари ўртасида янги электр узатиш линияси қурилишини молиялаштиришда ёрдам беради. Янги линия қурилаётган, умумий белгиланган қуввати 1 ГВт гача бўлган иккита шамол электр станциясини миллий электр тармоғига улайди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк матбуот хизмати хабар беради.

“Ушбу тармоқни кенгайтириш қайта тикланадиган энергия манбаларини Ўзбекистон энергетика тизимига янада интеграциялашувига хизмат қилади. Бу, шунингдек, мавжуд электр узатиш линияларидаги юкламани мувозанатлаш ва мамлакат шимоли ҳамда жануби-ғарбий ҳудудларида электр таъминоти муаммоларини бартараф этишга ёрдам беради. Лойиҳа электр таъминоти тизимининг қувватини оширади ва тармоқ йўқотишларини камайтиришга ёрдам беради. Бу, айниқса, барқарор энергия таъминотини талаб қиладиган Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган саноати ва аҳоли сони учун жуда муҳимдир”, – дейилади хабарда.

ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк шундай дейди: “Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп давлат, балки барқарор инфратузилма ечимларига муҳтож бўлган минтақадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиёт ҳамдир. Банкимиз бундай лойиҳаларни молиялаштириш орқали ушбу ўсишни қўллаб-қувватлашга тайёр”.

Илк ўтиш даври мамлакатлари жамғармаси ва Акциядорларнинг махсус жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланаётган лойиҳа доирасида банк ЎМЭТ салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистонда 113 та лойиҳага 3,6 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.