Ўзганинг фотосуратларига ҳақоратли сўзлар ёзиб тарқатган аёл қўлга олинди

Фото: Киберхафсизлик маркази

Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида яшовчи 33 ёшли аёл Р.Д. ариза билан мурожаат қилиб, “Телеграм” мессенжерида “Man baxtlimaaannn” номли профиль эгаси, Р.Д.нинг фотосуратларини ҳақоратли ёзувлар билан Интернет ижтимоий тармоғига жойлаштирганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳар, Сирғали туманида яшовчи 30 ёшли аёл Х.Ф. содир этганлиги аниқланган.

Хабарга кўра, “гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган  Х.Ф., жабрланувчи Р.Д.нинг фотосуратларини “Telegram” мессенжеридаги “Man baxtlimaaannn” номли профилда, шунингдек, “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги “allohim_0101” аккаунти орқали Р.Д.ни турли сўзлар билан ҳақоратлаб, камситган ва ушбу аккаунтда унинг фотосуратларини ҳақоратли ёзувлар билан жойлаштирганлиги аниқланган тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган”.

Мазкур ҳолат юзасидан  Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Ф.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 140-моддаси 2-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.