Германия полицияси Алишер Усмоновнинг яхтасидан қиймати 5 млн евро бўлган суратлар тўпламини мусодара қилди

Источник: Sukkoria / Wikimedia Commons

Германияда полиция Ўзбекистонда туғилган россиялик олигарх Алишер Усмоновга тегишли Dilbar яхтасидан қиймати беш миллион евро бўлган 30 та суратдан иборат коллекцияни мусодара қилди, деб ёзади “Медиазона” Süddeutsche Zeitung нашрига таянган ҳолда.

Қайд этилишича, суратлар Усмонов яхтасидаги интерьернинг бир қисми бўлган, яхтанинг ўзи эса 2021 йил кузида Гамбургнинг қуруқ докига капитал таъмирлаш учун жойлаштирилган. Ўшандан бери суратлар экспедиторлик компаниясининг омборида сақланиб келинаётганди.

Нашрнинг ёзишича, олигархнинг суратлар тўплами камида беш миллион еврога баҳоланмоқда. Уларнинг орасида Марк Шагалл каби машҳур рассомларнинг асарлари ҳам бор.

Аввалроқ Германия полицияси Алишер Усмонов ва унинг синглисига тегишли бўлган Бавария жанубидаги Тегернзе кўли қирғоғида жойлашган учта уйда рейд ўтказган эди. Немис расмийлари уни миллионлаб евро солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ва ҳашаматли кўчмас мулк, Dilbar мегаяхтаси, Airbus А340 самолёти ва қимматбаҳо автомобиллар коллекциясини сотиб олиш орқали пул “ювишда” гумон қилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.